Маълумки, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш ишлари авж паллага чиқди. Жойларда баҳор ва куз мавсумида 15 миллион туп дарахт кўчатлари экиш, барча шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил қилиш режалаштирилган.
“Ўзагроинспекция” мутасаддилари томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтига қарашли қарийб 4,5 гектар майдонга 1 минг 500 тупга яқин мевали кўчатлар экилди. Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди.

Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.


– Биз нафас олиб турган борлиқ, атрофимиздаги яшилликка биздан кейинги авлод ҳам муносибдир, – дейди матбуот хизмати раҳбари Х.Шадиева. – Биз бугун табиатга меҳр ва эътибор берсак, келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун эса албатта экологик тизимни асраш ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратиш энг муҳим зуруриятдир. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бу бир йиллик тадбир эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кўчат экишнинг ўзигина кутилган натижани бермайди. Бугун жамоамиз томонидан экилган дарахтларни суғориш ва парвариш ишларини олиб бориш ҳам алоҳида назоратга олинган. Агар ҳар бир дарахт тўғри экилса ва парвариш қилинса, мамлакатимиз яшил ҳудудга айланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА