Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон”: олотликлар эрта баҳордан кўчат экишни бошлади
11:49 / 2024-03-02

Бухоро вилояти Олот туманидаги мавжуд 38 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги қаровсиз ва бўш қолган жойларга, кўча ва хиёбонларга мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларини ўтқазиш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари бошланди. Бу саъй-ҳаракат самарасида аҳоли яшаш манзиллари, корхона ва ташкилотлар атрофи яшил ҳудудга айлантирилаётгани айни муддао.

–Атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга бағишланган навбатдаги кўргазмали амалий семинар туманнинг “Чорбоғ” ҳудудидаги “Янги Сойинкўл” канали бўйида ташкил қилинди, –дейди туман ҳокими Наргиза Неъматова. –Тадбирда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, туманда бу борада бораётган ҳаракат, қилиниши зарур бўлган ишлар  хусусида тўхталиб, бу борада кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар ҳақида  тўхталиб ўтдик. Соҳа мутахассислари ўзларининг тавсияларини ҳам берди.  

Семинарнинг катта ариқ бўйида ташкиллаштирилгани бежиз эмас. Негаки, сўнгги бир неча ойда туманда ирригация тармоқлари, сув йўлларини таъмирлаш, ўзанини тозалаш ва бетонлаштириш ишлари бораётгани, чунончи, “Тайқир”, “Сарибозор”, “Янги Сойинкўл” ҳамда “Чандир” каналларида, шунингдек, “Оқ пўлат” ирригация тармоғида бетонлаштириш ишлари якуний босқичда экани экин ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш билан бирга, атроф-муҳитни яшилликка буркаш, одамларга тоза ҳаво етказиб беришда беқиёс аҳамиятга эга.

Айниқса, сув тақчиллиги яққол сезилаётган сўнгги йилларда миришкор деҳқонларимиз ҳам ерга уруғ сепиб, ҳосил етиштиришда жиддий синовларга дуч келишаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, ирригация тармоқлари, ариқлар очиқ ўзанларини бетонлаштириш ишлари нисбатан сув сарфини тўғри юритиш, “оби ҳаёт”нинг экин еригача равон етказиб беришни таъминлайди.  

Умуман, кеч куздан бошлаб эрта баҳор мавсуми оралиғида олис туманда умумий ҳисобда 597 минг 600 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатини ўтқазиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан, семинарда ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиш, дала атрофларини қаровсиз қолдирмасдан, ток кўчати, шу билан бирга, тол, тут, жийда, терак, гужум каби ниҳолларни ўтқазиб парваришлаш, канал ва ариқлар бўйида “яшил қалқон”лар барпо этишга доир қатор тавсиялар берилди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири