French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон”: ободлик ва ҳамжиҳатлик ташаббуси
19:18 / 2025-11-15

Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва жамоатчиликни табиатни асрашга жалб этиш мақсадида кенг кўламда ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада аҳолининг фаол иштироки, турли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган амалий тадбирлар миллий экология сиёсатида муҳим ўрин тутади. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида Андижонда “Яшил макон” акцияси ўтказилди.

Унда маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, миллий маданий марказлар, турли конфессияларга мансуб диний ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбир табиатни асраш, экотизим барқарорлигини таъминлаш ва жамоатчиликнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ҳаракатнинг навбатдаги амалий қадами бўлди.

[gallery-26279]

Акция Андижон вилояти ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси, Ўзбекистон экологик партияси вилоят Кенгаши, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, “Юксалиш” ҳаракати, ННТлар миллий ассоциацияси ва Жамоат фондининг вилоят бўлинмалари ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир 2025 йил 10 ноябрь куни қабул қилинган “Андижон вилоятида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ҳамда 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган Бағрикенглик ҳафталиги тадбирлари” дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.

Акция давомида 50 нафар иштирокчилар томонидан 50 туп манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. Бу каби ташаббуслар нафақат вилоят ҳудудидаги яшил ҳудудларни кенгайтиришга, балки турли қатлам вакилларининг бир мақсад йўлида бирлашиши, бағрикенглик ва аҳиллик анъаналарини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Андижонда ўтказилган ушбу экологик акция табиатни асраш борасидаги амалий ишлар билан бирга жамиятда ўзаро ҳурмат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли қадам сифатида эътироф этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари