Президентимиз томонидан жорий йил 26 сентябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида дарахтни кузда экишни кўпайтириш зарурлиги бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдирилиб, устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шу кунларда ана шу умуммиллий лойиҳа доирасида бутун мамлакатимизда кузги дарахт экиш мавсуми давом этмоқда. Бу борада “Долзарб бир ойлик” эълон қилинди. 8-9 ноябрь кунлари Тошкент вилояти бўйлаб “Яшил макон” лойиҳаси доирасида катта ҳашар ташкил этилмоқда.

Мазкур ҳашарга нафақат вилоят ҳудудидаги бошқарма ва ташкилотлар, балки Республика даражасидаги вазирлик ҳамда идоралар, агентлик ва қўмиталар ҳам ўз хайрхоҳлигини билдирди. Хусусан, ҳашар доирасида ҳудудлардаги автомобиль йўллари ёқаларида, М-39, А-373 каби халқаро аҳамиятдаги йирик автомагистраллар бўйларида кенг кўламда кўчат экиш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, тизимда фаолият олиб бораётган инспекторлар томонидан ҳам ҳашар доирасида кўкаламзорлаштириш ва экологик муҳитни яхшилашга қаратилган амалий ишлар олиб борилди.


– Биринчи галда иқлимга мос дарахт кўчатлари экиш учун белгиланган жойда эр тайёрланди, – дейди мазкур бошқарманинг Оҳангарон тумани бўлими фитосанитар инспектори Алижон Махсилов. – Барча биргаликда чуқурлар кавлади. Шу билан бирга ҳашарчилар учун дастурхон ёзилиб, ош тайёрланди. Кун давомида меҳнат жамоамиз “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатди. Муҳими, экилаётган дарахт кўчатларининг тўғри парвариш қилишдир.
А.Мусаев, ЎзА.