Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон” лойиҳасига кўзбўямачилик қилган маҳалла мутасаддиларига чора кўрилди
17:55 / 2021-11-30

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 2 ноябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида яшил майдонларни кенгайтириш бўйича илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мақсадида "Долзарб 40 кунлик" кўчат экиш акцияси эълон қилинди.

Ушбу ташаббус қисқа фурсатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг оммалашди. Жойларда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш, шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида боғлар барпо этишга киришилди.

Аммо орамизда “Долзарб 40 кунлик" тадбирларига масъулиятсизлик билан ёндашадиган мутасаддилар ҳам учраб турибдики, бу ғоят ачинарли ҳолат.

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Поп туманидаги Санг қишлоғида кўчат экиш билан боғлиқ тарқалган видеолавҳа қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу лавҳада кўрсатилишича, Поп тумани бўйлаб олиб борилаётган кўчат экиш ишларида Боғ кўча маҳалласи мутасаддилари кўзбўямачиликка йўл қўйган. Яъни, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари йўл бўйига гўёки, кўчат экилгандек, жараёнларни уяли алоқа телефони аппаратида суратга олишади. Сўнгра, дарахт кўчатини ўтқазиш ўрнига ўзлари билан олиб кетишади. Бу ўз навбатида, бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган хайрли ишга панжа ортидан қараганлик кишилар ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан кескин танқид остига олинди.

Аниқланишича, шу йилнинг 26 ноябрь куни туманнинг Санг қишлоғи ҳудудида жойлашган “Боғ кўча” маҳалла фуқаролари йиғини раиси бошчилигида “Мерос” кўчасида кўчат экиш ишлари олиб борилган ва айнан маҳалла оқсоқолининг кўрсатмаси билан бу хайрли юмушга сохталикка йўл қўйилган.

Мазкур ёқимсиз ҳолат юзасидан “Боғ кўча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қаҳрамон Очилдиев, раиснинг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Гуллола Усмонова ҳамда ушбу ҳудудга боғланган туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходими Мансуржон Акбаровларга тегишли чора кўрилиб, улар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, маҳаллада олиб борилган кўчат экиш ишларини назоратга олмаганлиги учун туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Эркинжон Асқаровга ҳайфсан эълон қилинди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА