Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон” лойиҳасида фарғоналиклар фаол иштирок этмоқда
16:41 / 2023-10-21

Фарғона вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг қулочи янада кенгаймоқда.

Кўчат ўтқазишдек хайрли амалга бел боғлаган юртдошларимиз жорий йил куз мавсумида қарийб 7 миллионга яқин манзарали ва мевали дарахтларни экишни режалаштирган. Фарғона шаҳрида бугунги кунда 300 гектарлик тошлоқ ерда ноёб лойиҳа асосида экошаҳар барпо этиш ишлари давом этмоқда. Бу ерда 65 мингдан зиёд аҳолига мўлжалланган 298 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Аҳоли зич яшайдиган шаҳар ва вилоят учун бу муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Бу йил массивда 73 та уй барпо этилмоқда. Уларнинг дастлабкилари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ҳудудда мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси бўлади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. 70 гектар майдондаги “Янги Ўзбекистон боғи” эса бу ернинг сўлим маскани бўлади. Мазкур боғда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишлари бошланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.  

[gallery-14149]

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимиз ташаббуси билан юртимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида икки йил аввал экошаҳардаги ушбу боғда экилган илк манзарали дарахтлар соя беришни бошлаганини қайд этиб, барчани эзгу ташаббусни вилоятда намунали қилиб бажаришга чорлади.  

Жорий йилнинг баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоят бўйлаб жами 9,9 миллион донадан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Куз мавсумида 40 турдаги 6,5 миллион дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган.  

М.Сулаймонов, ЎзА  

М.Қодиров олган суратлар