Атмосферанинг ифлосланишини камайтириш, шаҳар экологиясини яхшилаш ҳамда аҳоли учун соғлом турмуш муҳитини яратиш кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борадаги муҳим вазифалардан бири сифатида дарахтлар сонини кўпайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда Қарши шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида навбатдаги кўкаламзорлаштириш тадбири ўтказилди. Ташаббус доирасида “Мустақиллик” шоҳ кўчаси бўйлаб ажратиб берилган ободонлаштириш майдонларига уч минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Экилган ниҳоллар таркиби ҳам хилма-хил: павлония, клён, сафора, ясин, қрим соснаси, қайрағоч, бручина, пальма гули каби турли иқлим шароитига мос, тез илдиз отувчи ва шаҳар муҳитида яхши ўсувчи дарахтлар танлангани юртимиздаги кўкаламзорлаштириш ишларига илмий ёндашув қўлланилаётганини кўрсатади.
Ҳашарда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида вилоятдаги қатор ташкилот ва идоралар ходимлари, ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди. Бу эса экологик маданиятни ошириш, аҳолининг атроф-муҳит муҳофазасига бўлган масъулиятини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида Қарши шаҳрида йил якунигa қадар яна минглаб дарахт ва буталар экилиши, уларнинг барқарор ўсиши учун суғориш ва парваришлаш тизими тўлиқ йўлга қўйилиши режалаштирилган.
[gallery-26470]
Умуман олганда, бу каби тадбирлар нафақат шаҳар кўринишини обод ва хушманзара қилиб, аҳолига қулай экологик шароит яратиб беради, балки ҳаводаги зарарли моддалар миқдорини камайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари