Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2 миллион туп тут кўчатлари экилди
19:15 / 2021-11-16

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тизимида ҳам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Наманган вилоятининг Норин тумани ҳокимлиги ҳамда сектор мутасаддилари ҳамкорлигида 20 гектар ер майдонда тутзор ташкил этилди. Мазкур боғга 140 дан ортиқ фермер хўжаликлари ҳам ўз ҳиссасини қўшди.

Тадбир давомида 2 миллион туп тут дарахти экиш кўзда тутилган бўлиб, шундан 1 миллион 500 минг туп кўчати Норинда ташкил этилган янги тут плантациясида экилди. Қолган 500 минг донаси йўл бўйлари ва дала атрофида якка қатор қилиб экиш учун фермер хўжаликларга бўлиб берилди.

–Халқимиз тут дарахтини эъзозлайди, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Олимжон Жумаев. – Қадди расо, серсоя бўлмаса-да инсонни кийинтириб, дастурхонини шинниси билан тўлдирган бу хосиятли дарахтга ўзгача меҳр беради. Шунинг учун бўлса керак битмас туганмас хазина бўлган тут экилмаган бирорта кўча йўқ. 

Бугун, тут нафақат йўл бўйлари, далалар атрофида балки, катта-катта ер майдонларида боғ шаклида экилиб, тутзорлик плантациялари яратилмоқда. Бу айнан мамлакатда пиллачилик, ипакчилик соҳасига кўрсатилаётган эътиборнинг амалий натижасидир. Шу боисдан уюшманинг 10 ойлик сарҳисобига кўра пилла режачи ортиғи билан бажарилиб, ипак тола ишлаб чиқариш ҳажми ортди.

Гулноза Бобоева, ЎзА