Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон”: куз мавсумида 119 минг тупдан зиёд дарахт кўчати экилди
14:00 / 2024-12-02

Мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экотизим барқарорлигини таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг куз мавсумида кенг кўламли дарахт экиш ишлари ташкил этилди.

15 октябрдан буён тизимдаги бошқарма ва корхоналар томонидан жами 119 минг 594 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилган. Экилаётган дарахт кўчатлари ҳудудлар иқлими ва тупроқ хусусиятларига мос равишда танланган. Илмий-тадқиқот институтлари тавсиясига кўра, сувсизлик ва иқлим шароитига чидамли дарахтлар – гужум, қайрағоч, саксовул, туя, каталпа, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ ва терак кўчатлари афзал кўрилмоқда.  

Шунингдек, дарахт кўчатларини суғоришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 388 гектар майдонда томчилаб суғориш тизими ўрнатилди. Бу замонавий технология сув тежашга ва кўчатларнинг сифатли ўсишига хизмат қилмоқда.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йил давомида умумий ҳисобда 348 минг 565 дона кўчат экилиши режалаштирилган бўлса, амалда бу кўрсаткич 367 минг 127 тага етказилган.  

“Яшил макон” лойиҳаси нафақат ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, балки иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиат муҳофазасига ҳисса қўшиш ва келажак авлод учун соғлом экологик муҳитни яратишга қаратилган муҳим қадамдир.  

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА