Янги Ўзбекистонда яшил ҳудудларни янада кенгайтириб, теварак-атрофни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиб, аҳоли саломатлигини сақлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Мамлакатимизнинг келгуси истиқболлари режалаштирилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани ҳам бунга яққол далилдир.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Янги йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинганида чуқур маъно мужассам. Зеро, шу муносабат билан қабул қилинадиган давлат дастури жойларда кўкаламзорлаштириш ишларини янги босқичга кўтариб, “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, Орол фожиаси ва ҳудудларда иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал этиш каби масалаларнинг ечимини топишга кўмаклашади. Энг муҳими бу борада амалга ошириладиган барча чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилади.
Мавриди келганда айтиш лозимки, бундай эзгу ташаббус Сурхондарё вилоятини янада кўкаламзорлаштириб, воҳа қиёфасини яшилликка буркайди. Шундай улуғвор мақсадда вилоят аҳли юртимизда умуммиллий ҳаракатга айланган “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумида кенг қамровли ишларни олиб бормоқда. Яшил майдонларни янада кенгайтириш аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар режаси асосида амалга оширилаётир. Жумладан, воҳада кузги мавсумда 6 миллион донадан ортиқ дарахт ва бута кўчати ўтқазиш режалаштирилган. Бу кўчатлар бўй кўрсатадиган ҳудудлар ва уни экадиган ташкилот, корхона ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари белгилаб олинган. Шунга мувофиқ 23,5 гектарда “Менинг боғим”, 17,8 гектар майдонда 16 та “Ҳокимлик боғ”лари, атроф-муҳитга таъсир хавфи I-II-тоифадаги 85 та саноат корхонаси 47,16 гектарда “Яшил белбоғ” барпо этилмоқда.
Ўрганишларимизга кўра, вилоятда яхши ниятлар билан ерга қадалаётган ҳар туп кўчатнинг ҳисоб-китоби юритилиб, тегишли тартибда платформага киритилмоқда. Яна бир эътиборга сазовор жиҳати шундаки, кўчат экиб, боғ яратишда бир йўла сув билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилиб, сувсизликдан нобуд бўлишига чек қўйилмоқда. Учинчидан, эндиликда воҳанинг автомобиль ва темир йўллари бўйлари ҳам яшилликка бурканаётир. Масалан, “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” йўналишидаги М39 халқаро автомобиль йўлининг Шеробод ва Термиз туманлари оралиғидаги 61 километр масофада “яшил” белбоғ яратилмоқда. Бунинг учун йўл бўйларидаги бўш ерлар текисланиб, унумдор тупроқ тўкилди. Бу ерга 300 мингдан ортиқ дарахт кўчати экилаётир. Кўчатларни вақтида суғориш учун 32 та сув ҳавзаси барпо этилмоқда. Бунинг учун икки ой давомида йўл бўйи текисланиб, тартибга келтирилди. Айрим ҳудудларига икки метргача баландликда унумдор тупроқ ётқизилди. Боғнинг биринчи қаторига гуллайдиган дарахтлар, иккинчи, учинчи қаторларига арча, тўртинчи-бешинчи қаторига япон тути ва чинор кўчатлари ўтқазилади. Дала четларида тутзорлар барпо этилмоқда. Йўлнинг икки тарафига ўтқазилган кўчатларни ёмғирлатиб суғориш жорий қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кексаларимизнинг “тоза ҳаво – дардга даво”, деган пурмаъно гапининг мазмун-моҳиятини янада теран англатмоқда. Яшил маконларнинг кислород кони эканини амалда кўрсатяпти. Зотан, теварак-атрофнинг йил сайин яшнаб бораётгани она табиатга янада гўзаллик бахшида этиш баробарида саломатлигимиз манбаи бўлган тоза ҳаво билан таъминлаш даражасини яхшилаб, атроф-муҳитни сақлашда муҳим омил бўлмоқда.
Зебунисо Алимардонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази,
Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА