Дарахт, яшиллик — ҳаёт тимсоли. Шу боис ҳам азалдан халқимизда кўчат экиб, боғ яратиш анъанаси шаклланган. Ушбу эзгу амаллар бугунги кунда умуммиллий лойиҳага айланди. Жорий йилда мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши белгиланган. Баҳорги кўчат экиш мавсумида уларнинг 125 млн. тупини экиш назарда тутилган. Бундан ташқари, Давлат дастурида белгиланганидек, лойиҳа доирасида ҳудудларда 444 та “яшил боғлар” барпо этиш мақсад қилинган.
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорги кўчат экиш мавсуми уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Аҳоли вакиллари, жамоалар, ташкилот ва муассасалар яшилликка ҳисса қўшишга ҳаракат қилишмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳам ҳудудларда “Яшил макон” доирасида ўз боғларини ташкил этаяпти.


Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари лойиҳада фаол иштирок этиб, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Қўшқўрғон” МФЙда дарахт экиш акциясини ўтказишди. Дастлаб депутатлар иштирокида семинар ташкил қилиниб, кўчат экиш тартиби ва сирлари мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди. Шундан сўнг мазкур ҳудудга 1000 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, унинг парвариши бўйича масъуллар бириктирилди.
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудидаги Адиблар хиёбонида эса “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг боғи ташкил этилди. Дарахт экиш акциясида партия ва фракция раҳбари Алишер Қодиров ҳамда фракция аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари иштирок этди. Бундан ташқари, депутатлар ташаббуси билан маҳаллаларда, боғча ва мактабларда ҳашарлар ташкил қилиниб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиляпти. Партиянинг маҳаллий Кенгашлари томонидан ҳам ижтимоий объектларда “Миллий тикланиш” боғлари ташкил қилинаётгани эътиборга молик.


«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳам фаол қатнашмоқда. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида ўтказилган амалий лойиҳа доирасида «Жой сиздан, кўчат экиш биздан!» шиори остида депутатлар томонидан 100 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Экилган кўчатларнинг келгусидаги парвариши фракция аъзоларига бириктирилиб, ушбу ҳудуд фракция боғига айлантирилди.
“Адолат” СДП фракцияси томонидан эса Тошкент вилояти Янгийўл туманида боғ яратиш ишлари олиб борилди. “Бугунги ҳаракат — эртанги экологик барқарорлик” шиори остидаги кўчат экиш тадбирида фракция раҳбари ва аъзолари фаол иштирок этиб, мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда бута кўчатларини экишди.
Ўзбекистон Экологик партияси экологиямиз ҳимоясида энг олдинги сафларда бўлиб келмоқда. Ўтган даврда Экопартия таклифи асосида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига муддатсиз даврга мораторий эълон қилинди ҳамда уларни ноқонуний кесганлик юзасидан таъсирчан чоралар белгиланди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ҳам партия вакиллари, депутатлик бирлашмалари фаоллик кўрсатмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Депутатлар ташаббуси билан ташкил этилган мазкур амалий тадбирда 100 га яқин дарахт кўчатлари экилди. Уларни суғориш ва парваришлаш учун масъуллар бириктирилди.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш экологик муаммоларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қизғин руҳда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида беш йил давомида жами 1 млрд. дарахт кўчатларини экиш кўзда тутилган. Кенг жамоатчиликнинг ушбу лойиҳада фаол қатнашиши эса кўркам боғлар яратилишига, юртимизнинг яшиллик даражаси ортишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА