Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон”: деновлик зиёлилар янги боғ барпо этмоқда
16:14 / 2026-01-14

Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Зиёлилар боғи” барпо этилди. Ушбу ташаббус доирасида ҳудудда ўнга яқин турдаги манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари экилиб, яшил ҳудудни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Анвар Нормаматов иштирок этиб, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг эзгу ташаббусини қўллаб-қувватлаган барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди. Янги боғнинг экологик барқарорликни таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритди. Улуғ ниятлар билан илк кўчатни қадаб берди. 

Янги боғ институт ҳудудида фойдаланилмай турган уч гектар майдонда ташкил этилмоқда. Профессор-ўқитувчилар, ходимлар, талаба-ёшлар ва кўнгиллилар ҳудуд атрофини ўраб туриш учун уч қатор арча дарахти кўчатини экди. Шунингдек, олма, анор, олча, гилос, анжир, беҳи каби мевали дарахт кўчати қадалди. Эндиликда ҳинд сирени, атиргул, ҳамишабаҳор, лола сингари анвойи гуллар экилиб, манзарали ­ мевали дарахт ва гулларнинг ноёб турлари жамланади. 

­Боғни барпо этиш учун мавжуд майдон текисланиб, кўчат экишга мослаштирилди,­ дейди институт ректори Ойбек Рўзиев. ­ Суғориш тизими барпо этилди. Бу боғ келажакда олий таълим муассасамизнинг биология йўналиши талабалари учун ўзига хос тажриба майдони вазифасини ҳам бажаради. Олимлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва талаба ­ ёшлар назарий билимларини амалиёт билан боғлайди. Қатор ораларида турли ноёб ўсимлик қаламчалари етиштирилади. 

Айни пайтда яшилликка бурканган ҳудуд воҳада “Зиёлилар боғи” номи берилган ягона маскан бўлиб, келажакда уни янада кенгайтириш мўлжалланмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири