Мамлакатимизда экологик мувозанатни тиклаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳолида табиатга нисбатан эътиборни кучайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тобора кенг кўлам касб этмоқда. Ушбу эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби жорий мавсумда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Олот чегара божхона пости ва унга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилиб, умумий ҳисобда 6 500 туп тут, 250 туп мевали ва 30 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу жараён фақатгина кўчат ўтқазиш эмас, балки табиатга эътибор, экологик тарбия ва жамоавий бирдамликнинг ифодасига айланди.


Бу мавсумда тут кўчатларига алоҳида устуворлик берилди. Зеро, тут дарахти Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг қадимий таянчи, ипакчиликнинг ривожида асосий ўрин тутувчи манбадир. Унинг кўпайиши иқтисодий самарадорликни ошириши, микроиқлимни яхшилаши, атмосферага зарарли газлар чиқарилишини камайтириши билан муҳим аҳамият касб этади.

Шу боисдан экилган ҳар бир кўчат бу фақатгина бир дарахт эмас, балки экологик барқарорлик сари ташланган муҳим қадам, келажак авлодга тоза ва соғлом атроф-муҳит қолдириш йўлидаги изчил интилишдир. Божхона ходимларининг бундай ташаббуслари жамиятда экологик маданиятни юксалтириш, табиатга эътиборнинг ошишига хизмат қилади.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси жамоаси учун ушбу фаолият йил давомида олиб борилаётган хизмат бурчи билан уйғун ҳолда, айни пайтда, фуқаролик масъулиятининг ёрқин кўринишидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.