Ўтмишдан ота-боболаримиз кўчат экиб, боғ барпо этишни, яратувчанликни улуғ фазилат, атроф-муҳитни яшилликка буркаб, дов-дарахт парваришлашни, унинг завқу шавқини туйишни буюк қадрият, деб билган. Бундай эзгу амал негизида инсон ва она табиат ўртасида кўз илғамас яқин дўстона муносабат бўлган.
Балки шу боис олтинга тенг тупроғимизда ерларнинг шўрланиши, иқлим ўзгариши, шамол ва сув эрозияси, ер ости сувларининг чўкиши, ер самарадорлигининг пасайиши бугунгидек долзарб масалага айланмагандир. Она табиатга бундай меҳр-муҳаббат эҳтимол қалбларига илиқлик, борлиққа гўзаллик улашиб, тўрт фаслнинг ҳам мўътадил кечишига кўмаклашгандир.
Мутахассислар фикрича, шўролар даврида пахта майдонларининг кенгайтирилиши ва боғ-роғлар қисқариши, шунингдек, далаларда ҳосилдорликни ошириш мақсадида турли кимёвий препаратларнинг қўлланилиши ер деградациясига олиб келган. Ваҳоланки, қадимда ота-боболаримиз ҳосилдорликни ошириш учун табиий ўғитдан фойдаланган. Улар барпо этган боғлар ҳудудда микроиқлим ҳосил қилган. Ер ости сувлари пастлаб кетишининг олдини олган.

Яхши эслайман: ўқувчилик давримизда ҳар йили баҳорда мактабга дарахт кўчати олиб бориш вазифаси берилар эди. Кўчат топиб бормаганлар тенгдошлари ўртасида “изза” қилинган йилларни ҳам кўрдик. Бу одат мустақиллик йиллари ҳам давом этди. Энди ҳар баҳор фарзандларимиз таълим муассасасига кўчат ташиш эстафетасини қўлга олди. Ўша йилларни кўз олдимизга келтирсак, ёшлигимизда мактабга ташиган кўчатларимиз учун ҳам, кейинчалик фарзандларимиз мактабга элтган нов-ниҳоллар учун ҳам ачинмаймиз. Биласизми, кўчатларимиз униб-ўсмагани, айрим ҳолларда фақат ҳисобот учун экилиб, ўз вақтида парвариш қилинмагани, ҳали ёз келмасидан қовжираб қолгани юракни ўртайди. Она табиатни ҳам, ўзимизни ҳам алдаганимиздан афсусланамиз. Яқинда вилоят ҳокимлиги ташкил этган пресс-турда Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви билан танишаётган эдик. Осмонўпар турар-жой бинолари ва ижтимоий-иқтисодий соҳа иншоотлари қад ростлаётган массивнинг бир йўла кўкаламзорлаштирилаётгани, яшил боғ барпо этилаётгани хусусида ҳам маълумот берилди. Шу пайт деновлик блогер Фарҳод Исмоилов кўчат экиш масаласини ўртага ташлаб, ақлимни таниганимдан буён йўл бўйларига кўчат экилади-ю, нега уларнинг барчаси бирдек тутиб кетмайди, дея ўртага луқма ташлади.
Шу саволга жавоб бераётиб мен мактабга ўзим ва кейинчалик фарзандларим ташиган кўчатлар ҳақидаги хотираларимни эсга олдим. Президентимиз ғояси билан мамлакатимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мустабид тузумдан қолган ана шу қусурга батамом чек қўйгани ва халқимиз онгу шуурида кўчат экиш, парваришлаш маданияти шаклланаётганини тушунтиришга уриндим. Яшил бойликларга меҳр билан яшаган аждодларимиз анъанасини қайта тикланаётганини вилоят мисолида қисқагина айтиб бердим.

– Кўпдан буён мени ўйлантириб келаётган масала эди, бу, – деди Фарҳод Исмоилов. – Бунга аниқ жавоб олдим. Ўйлаб кўрсам ҳақиқатан ҳам бизга бегона бўлиб қолган кўчат экиш ва уни парваришлаш маданияти пайдо бўлмоқда, тўғри айтасиз.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Юртни яшил бойлик билан қоплаш учун катта меҳнат ва маблағ сарфланмоқда. Олимлар иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги, шамол ва сув эрозияси каби масалаларни ҳар тарафлама ўрганиб, таклиф ва тавсияларини бермоқда. Ҳудудлар сунъий йўлдош орқали кузатилиб, ўзгаришлар чуқур таҳлил қилинмоқда.
Вилоят ҳокимлигига тақдим этилган сунъий йўлдош мониторинглари ва очиқ манбалар таҳлилига кўра, Термиз шаҳрида сўнгги йилларда ижобий экологик ўзгаришлар кузатилгани қайд этилган. Яшил ҳудудлар кенгайиб, дарахтзор майдонлар сезиларли даражада ошгани, шаҳарнинг марказий кўчалари, аҳоли яшаш массивлари ва йўлбўйи ҳудудларида амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишлари сунъий йўлдош тасвирларида ўз аксини топган. Шаҳарда экологик барқарорлик мустаҳкамланиб, ҳаводаги чанг миқдори камайгани, шаҳар муҳити янада соғлом, қулай ва иқлимга мослашувчан бўлиб бораётгани кузатилмоқда. Ирригация тармоқларини такомиллаштириш, ички канал ва ариқларни мунтазам тозалаш, боғ ва хиёбонларни кенгайтиришга қаратилган ишлар яшил ҳудудларнинг узоқ муддат сақланишини таъминламоқда.
Шаҳар атрофида “яшил белбоғ”ларнинг яратилаётгани халқ орасида “Афғон шамоли” номи билан машҳур чанг бўронлари миқдорини сезиларли даражада қисқартирган. Масалан, вилоятда 2010 йил шамол тезлиги 15 метр/секунд ва ундан юқори бўлган кунлар 42, 2020 йилда 45 кунни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 28 кунгача камайган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини йил сайин оширишда муҳим дастуруламал бўлаётир. Йирик майдонларга кўчат экиб, парваришлашда тажрибамиз ошмоқда. Янги-янги ғоялар бўй кўрсатяпти. Тилимизда яшил макон, яшил белбоғ, яшил қоплама, ҳокимлик боғлари, яшил жамоат парклари каби сўзлар жарангламоқда. Иккинчидан, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошлангунича оммавий кўчат экиш асосан баҳор фаслида амалга оширилган бўлса, эндиликда куз фасли ҳам нав-ниҳол қадаб, янги боғ-роғлар яратадиган мавсумга айланди.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2023 йил баҳор мавсумидан шу кунгача 44 миллион 783 минг туп мевали-манзарали дарахт ва бута кўчати экилиб, админ.яшилмакон.еcо платформасига киритилган. Униб-ўсиши назоратга олинган. Шу даврда 18 та “Яшил боғ”, 28 та “Яшил жамоат парки”, 32 та “Ҳокимлик боғи” ташкил этилган. Илгари кўчат экилгану, қаровсиз қолган бўлса, бугун ерга қадалаётган ниҳолнинг қаровчиси боғбони бор. Авваллари сувсиз майдонларга ҳам кўчат экилиб, қовжиратиб ташланган бўлса, энди сув таъминоти бўлмаган ҳудудларга қадалаётган кўчатларга замонавий томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизими асосида оби-ҳаёт таралмоқда.

Жорий йилнинг кузги кўчат экиш мавсумида вилоятда ўн миллион тупдан ортиқ турли мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчати экиш режалаштирилган. Мавсум бошланганидан буён қарийб уч миллион туп кўчат экилиб, админ.яшилмакон.еcо платформасига киритилган.
Воҳадаги 85 та йирик саноат корхонаси ташкил этган “Яшил белбоғ” лар ҳам, Термиз шаҳри ва туманларда барпо этилган “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парк”лари, “Ҳокимлик боғ”лари ҳам юртимиз кўркига кўрк, табиатига қайта гўзаллик бағишлаётган умуммиллий лойиҳа самарасидир.

Мабодо халқаро “М-39” автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланган бўлсангиз, Термиз-Ангор-Шеробод туманлари ҳудудидан ўтувчи қисмининг икки тарафида фойдаланилмай ётган сувсиз майдонларга сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир. Лойиҳа доирасида шу ҳудудларга босқичма-босқич кўчат экилиб, “Яшил белбоғ” яратилаётгани буюк аллома Ҳаким Термизий ва Шеробод туманида мангу қўним топган улуғ муҳаддис Имом Термизий мажмуаларини қалбларга завқ, кўзларга гўзаллик улашадиган яшил бойлик билан боғлайди.
Содда қилиб айтганда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, экологик муаммоларга бефарқ бўлмасликка, она табиат билан дўст тутинишга ундаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

– Лойиҳанинг кузги мавсумида вилоят ҳокими яна бир ғояни ўртага ташлади, – дейди вилоят экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ўринов. – Шунга кўра Ангор тумани ҳудудида барча туман ва Термиз шаҳри ҳокимликлари 89,41 гектар, вилоят ҳокимияти мажмуалари ва ташкилотлар 101,8 гектар, вилоятдаги метан газ қуйиш шохобчалари 96,6 гектар майдонни кўчат экишга тайёрлаб, ниҳол қадашни бошлади. Тумандаги Қорақир маҳалласи ҳудудида ўзлаштирилмаган 104 гектар, Термиз туманидаги Каттақум массивида 1 минг 100 гектар ер майдонида ҳам “Яшил қоплама” барпо этилмоқда. Бу ишлар шунчаки, теварак-атрофни кўкаламзорлаштириш эмас, балки иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ. Шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон”.
Яшилликка бурканаётган воҳада бундай улуғвор ишлар давом эттирилиб, Термиз туманидаги Янгиобод маҳалласи ҳудудида 47,1 гектар, Термиз шаҳридаги Паттакесар маҳалласида 5,84 гектар ер майдонида ҳам “Яшил белбоғ” барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Умуммиллий ҳаракатга айланган лойиҳа доирасида қадалаётган кўчатлар ўтган замонлардагидек униб турган жойидан чала қўпориб олиниб, шикастланган илдизи билан экилмаяпти. Балки атрофи ковланиб, илдизлари тупроғи билан олиб келиниб, қадалмоқда.
Термиз туманидаги Каттақум массиви ўз номига мос қум барханлари кўчиб турадиган кенг майдон. Яқинда ўтганимда йўл бўйи нотекис қум тепаликларида қовжираб қолган янтоққа кўзим тушган эди. Бу сафар йўл бўйидаги қумлоқ майдонлар махсус техникалар билан текисланиб, турли манзарали дарахт кўчатлари экилаётганига гувоҳ бўлдим. Туманлар ҳокимликлари, ташкилот ва корхоналар мутасаддилари бу ерни қисқа вақтда ўзлаштириб, кўчат қадаш ҳашарини бошлаб юборибди. Жарқўрғон тумани “Ободонлаштириш” бўлими ишчилари ҳам бу эзгу ишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
– Туманга бириктирилган майдонни текислаб, хандақ ковладик, – дейди туман “Ободонлаштириш” бошқармаси бригада бошлиғи Ўрол Бўриев. – Бугун икки юз тупдан ортиқ арча кўчати келтириб, қадаяпмиз. Яна келтириб экамиз. Ҳар бир кўчат илдизидаги тупроғи билан олиб келинган. Бу унинг тез ва сифатли униб кетишига хизмат қилади. Ҳозирча махсус машиналарда сув келтириб, суғорамиз. Қор ва ёмғир суви ҳам ривожланишига кўмаклашади. Ёзгача томчилатиб суғориш йўлга қўйилса, икки-уч йилда йўл бўйи ям-яшил боққа айланиб қолади.
Вилоятда сув тақчил бўлган ҳудудларга қадалаётган кўчатларни суғориш учун махсус сув ҳавзалари ҳам барпо этилмоқда. Томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилиняпти. Мутахассислар таъбири билан айтганда, улуғ эзгу ният билан қадалаётган ҳар бир кўчат ҳудудга яшиллик ва ўзгача кўрк улашибгина қолмай, қум кўчирадиган шамолга ишончли тўсиқ ҳам бўлади. Теварак-атрофни шамол ва чанг тўзонларидан ҳимоялаб, мўътадилликни таъминлаш ва соғлом ҳаёт кечиришда муҳим қалқон бўлиб хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири