Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон”: 1,5 миллиондан ортиқ дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш чоралари кўрилди
16:33 / 2023-10-03

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Унга кўра, юртимизни экологик таҳдидларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида барча ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Лойиҳа доирасида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг тизим ташкилотлари томонидан 114 мингдан ортиқ манзарали, мевали кўчатлар ва бута экилди. Шунингдек, республика бўйича экилган кўчатларни тўғри парваришлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 1 миллион 521 минг 818 туп дарахт ва буталарда касалликлар ва зараркунандаларга қарши уйғунлашган кураш чоралари олиб борилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида янги яшил майдонларни яратишда мамлакатимиз иқлимига мос, сувсизликка ва касалликка чидамли навлар танланди. Ниҳолларни парваришлашда замонавий ёндашув асосида етакчи давлатларнинг тажрибаси ҳам ўрганилиб, самара берадиган тажрибалар миллий фитосанитария тизимига уйғунлаштирилди.

Иқлим ўзгариши шароитида мевали ва манзарали дарахтларнинг зарарли организмларига қарши кураш чоралари ҳам такомиллаштирилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор кимёвий воситаларни қўллаш ҳажмини босқичма-босқич камайтиришга, энтомофаглар ва микробиологик препаратларни кенг жорий этишга қаратиляпти. Натижада ишлов қамрови 46 фоизга ортди. Демак, экологияга, хусусан инсон саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган тажрибалар юқори самара бермоқда.

Н.Раҳмонова, ЎзА