Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил келажак сари: Тошкент форуми – янги чақириқлар ва имкониятлар майдони
10:14 / 2025-08-20

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: Умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” юқори даражали учрашувининг иккинчи куни қизғин мунозараларга бой кечди. Хусусан, иштирокчилар иқлим ўзгариши муаммоси сув ресурслари, энергетика хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалаларни юзага чиқариб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи учун асосий таҳдидлардан бирига айланаётгани хусусида фикр билдирдилар.

Куннинг биринчи ярмида давра суҳбатига етакчилик қилган БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси ҳамраиси, Эквадор ташқи ишлар ва мудофаа вазири – Мария Фернанда Эспиноза иқлим инқирози бутун дунёга таъсир қилаётганига тўхталиб, жумладан Марказий Осиё ҳам сув ресурслари билан боғлиқ омиллар сабаб, айниқса, заиф ҳудуд ҳисобланишини қайд этди. Музликлар эриши келажакда сув танқислигига олиб келиши кутиляпти. Натижада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари кучайиб, аҳоли яшаш жойларини тарк этиши, минтақавий барқарорликка путур етиши эҳтимоли бор. Орол денгизи қуриши эса асрнинг энг йирик экологик фожиаларидан биридир.

Эксперт таъкидлашича, бундай вазиятда чора-тадбирлар алоҳида эмас, балки минтақавий ва халқаро даражада амалга оширилиши зарур. Халқаро ҳамжамият иқлимга оид молиявий мажбуриятни сезиларли даражада кучайтириши лозим. Амалдаги келишувлар 3,5 триллион долларни назарда тутса-да, реал эҳтиёж камида 5 триллион доллар атрофида баҳоланмоқда. Шу билан бирга ресурслар, паст карбонли технология, мамлакатлар салоҳиятини кучайтириш ва минтақавий интеграцияни таъминлаш муҳим. Айниқса, Марказий Осиёнинг беш давлати халқаро музокараларда ягона қарашни ҳимоя қилиши талаб этилади.

Эътиборлиси, Эспиноза мамлакатимиз бу борада сезиларли силжишга эришганини эътироф этди:

– Ўзбекистон муҳим қадамлар ташламоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларига фаол сармоя киритиб, 2050 йилга қадар углерод мувозанатига эришишни мақсад қилган. Бу кучли сиёсий ва энг муҳими жуда зарур қарор. Ҳозир иқтисодиёти йилига 6 фоиздан кўпроқ ўсаётган республика камбағаллик даражасини қисқартириш, аҳоли учун мустаҳкам ижтимоий кафолат яратишда иқлим масаласини устувор йўналиш сифатида белгилагани эътиборга лойиқ. Шу боис, мамлакат раҳбариятининг иқлим тараққиёт, тинчлик ва иқтисодий ўсиш билан узвий боғланган стратегия ишлаб чиққани юқори баҳоланмоқда.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7MtMLi4C8r8?si=ZnPxS2os4rwsB6NK" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Мусулмон Зиё,

Ёқуб Мелибоев (видео),

ЎзА