Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил келажак” акциясига Қуйи Чирчиқ туманидан старт берилди
17:15 / 2021-03-16

Юртимизга кириб келган баҳор – ҳар бир инсонга ўзига хос кўтаринки кайфият бағишлайди.

Айнан шу фаслда ободонлаштириш, кўчат экиб, боғ яратиш ўзига хос қадриятлардан бири саналади.

Жумладан, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани Дўстобод шаҳарчасида “Табиат учун бирлашайлик” шиори остида старт олган “Яшил келажак” акцияси миллий қадриятларимизнинг амалий намунасидир.  

Мақсад, фуқаролар, айниқса, ёшлар, жамоат ташкилотларини бирлаштириш, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўз ҳиссасини қўшишга кўмаклашиш, яшил ўрмонзорларни барпо этиш, мамлакатимиз ҳудудларини кўкаламзорлаштиришдир.

Тошкент вилояти ҳокимияти, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур хайрли акция доирасида туман ҳудудига 60 тупдан турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Ушбу акцияда кўчат экишни вилоят ҳокими в.б Даврон Ҳидоятов бошлаб берди. Экожурналист, жамоатчилик фаоли Абу-Али Ниёзматов таклифи вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Унда ҳудуд ёшлари алоҳида фаоллик кўрсатди. Жумладан, япон софораси, эман, арча, чинор, каштан, заранг ва қайрағоч каби дарахт кўчатлари экилди.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда мазкур дарахт экиш тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида “Яшил келажак” акцияси билан давом эттирилади. Хусусан, вилоят бўйича 2 миллион донага яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш кўзда тутилган бўлиб, шулардан 60 минг донаси Бўстонлиқ тумани ҳиссасига тўғри келади.

А.Мусаев, ЎзА