Франция тараққиёт агентлиги вакиллари билан Зоом платформаси орқали видеоанжуман ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси маълум қилди.
Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг, Франция тараққиёт агентлиги давлат молиясини бошқариш бўйича мутахассиси Ком Дешери томонлар ўртасида бир қатор истиқболли қўшма лойиҳалар ҳаётга самарали татбиқ этиб келинаётганини қайд этди.
– Улардан бири мамлакат “яшил” иқтисодиётини ривожлантиришдан иборат. Бу эса Ўзбекистонда экологик соф, тежамкор технологияларни жорий этиш, “яшил молия” соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, “яшил” солиққа тортиш, “яшил” иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб қилиш кабиларни ўз ичига олади, – деди Ком Дешери.
Меҳмон томоннинг маълум қилишича, айни пайтда Франция тараққиёт агентлиги миссияси “яшил” иқтисодиёт сиёсатини кредитлаш 2-кичик дастури” ни тайёрлаш бўйича Тошкентда тегишли вазирлик ва идоралар билан муҳокама қилмоқда. Муҳокаманинг асосий мавзуси сиёсат ва техник қўллаб-қувватлаш чоралари, “яшил молия” соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдир. Шундан келиб чиқиб, анжуманда жорий йил охиригача “матриса”да белгиланган барча мақсадларга эришиш учун “яшил” иқтисодиётни прогнозлаш соҳасига хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА