Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил иқтисодиёт”га ўтиш - тадбиркорга кони фойда (+видео)
07:32 / 2025-11-21

“Ўзбекистон-2030“ стратегиясида “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш кўзда тутилган.

Бунда айниқса экологияга зарар етказмайдиган инфратузилмани шакллантириш ва саноат корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбааларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Албатта, бу борада хорижий давлатларда тўпланган тажрибаларни ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.  

Ушбу йўналишда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Яшил энергия”ни кенг жорий қилиш бўйича лойиҳа ишга туширилиб,  Самарқанд вилоятидаги “Ургут” эркин иқтисодий зона ва Фарғона вилоятидаги “Механик” кичик саноат зонаси экосаноат паркларга айлантирилди. Натижада корхоналар экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришлари баробарида, катта миқдорда маблағларини иқтисод қилишларига ҳам эришдилар.  

Ушбу ташаббус атроф-муҳитга таъсирни камайтириш, ресурслар самарадорлигини ошириш учун корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгандир. “Яшил” технологияларни жорий этиш ва айланма иқтисодиёт тамойилларини илгари суриш орқали лойиҳа Ўзбекистонда экологик тоза саноатни ривожлантириш моделини яратишга кўмаклашади.  Шунингдек, у маҳаллий манфаатдор томонлар, жумладан, ҳукумат амалдорлари, эркин иқтисодий зона маъмурияти ва саноат ходимларини ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини оширишга асосий урғу беради.

- Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштириладиган ва Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) орқали амалга оширилаётган “Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш ва сиёсат бўйича маслаҳат” лойиҳаси доирасида 2023 йил охиридан бошлаб “Ўзбекистонда экосаноат парклари” пилот ташаббуси амалга оширилмоқда.  

Мақсадимиз атроф-муҳитга саноат чиқиндиларининг чиқишини камайтириш, корхоналарнинг экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришларига кўмаклашишдир, - дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) лойиҳа менежери Игорь Ерёменко. – Бугунги анжуманда лойиҳа натижаларини муҳокама қилиб олдик. Келгусида яна шундай лойиҳаларни тадбиқ этишни мақсад қилганмиз.  

Муҳими бу лойиҳа маҳаллий корхоналарнинг “Яшил иқтисодиёт”га ўтиши орқали маҳсулотларининг рақобатбардошлигини оширади, дунё бозорларига чиқишларига кенг йўл очиб беради, ўз навбатида тадбиркорлар даромадларининг кўпайишига хизмат қилади.  

<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/A2F36O3WfjQ" title="“Yashil iqtisodiyot”ga o`tish - tadbirkorga koni foyda " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА