Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил иқтисодиёт”га босқичма-босқич ўтиш  тараққиётнинг устувор йўналишларидан бирига айланади
15:07 / 2023-02-14

Давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи воҳа иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш истиқболларига жуда катта туртки беради.

Вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда “Яшил энергия”га алоҳида ўрин ажратилади. Бу эса келгусида босқима-босқич “Яшил иқтисодиёт”ни кенг ривожлантиришга замин яратади.

Оддийгина мисол, эндиликда фермер хўжаликларидаги деҳқон уйларига ҳам қуёш панеллари ўрнатилади. Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланади. 

Биргина шу орқали 2023 йилда 30 мегаватт қувватлар яратилиб, 28 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. 2023 йилда Зафаробод туманида жами 2 мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилиб, бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариши мумкинлиги, йиғилишда алоҳида қайд этилди.   

Вилоятдаги 10 минг километр ирригация тармоқлари ва каналлари салоҳиятидан фойдаланиб, яна 3 мегаватт қувватли микро ГЭСлар қуриш ҳаракатларини бошлаш мумкин.

Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига 2023 йилда 5 миллион киловатт соат қувват таъминланади.

Бунинг учун, банклар иштирокида алоҳида компания ташкил қилиняпти. Жиззахда бу компания 5 миллион доллар ҳисобига 250 та бинода қуёш панеллари ўрнатиб, “Яшил энергия” билан таъминлайди. Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 мегаваттли қувватлар жойлаштирилади. Тадбиркорларга банклар томонидан 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилади.

Фуқароларнинг хонадонларига 8 мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари учун панель ўрнатиб, эҳтиёжидан ортган ҳар 1 киловатт энергия давлат томонидан 1000 сўмдан сотиб олинади. Бу тариф ҳозир 295 сўмни ташкил этмоқда.

Бу соҳага бежизга алоҳида эътибор қаратилмаяпти. Маълум қилинишича, вилоятда электр етишмовчилиги 2022 йилда 123 миллион киловатт соатга етди, 2023 йилда бу рақам 156 миллион киловатт соат бўлиши кутилмоқда.

 Вилоятда камида 2 минг мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалар учун салоҳият бор. Шундан келиб чиқиб, Жиззахда 2023 йилда 270 мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади ва шунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат энергия ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади. Бунинг ҳисобига жами 71 миллион куб метр газ тежалади. 

“Яшил энергия” соҳасида вилоятда йирик лойиҳалар ишга туширилиши белгиланган. Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликлари “Масдар” компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан 220 мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади ва бу йил 60 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.

Осиё тараққиёт банки билан бирга Форишда 150 мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Ушбу станция тўлиқ қувватга чиққанда 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. 

Жиззахдаги саноат зоналари ҳақида сўз юритилар экан, давлатимиз раҳбари масъуллар олдига сентябрь ойида 80 миллион доллар инвестиция ҳисобига электромобиль заводи ишга туширилиши вазифасини қўйди. 

Бу мисоллар, вилоятни иқтисодий ривожлантиришда “Яшил иқтисодиёт”га босқичма-босқич ўтиш устувор йўналишлардан бирига айланишидан далолат беради.

 

Эркин ХОЛМАТОВ,

Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи,

O`zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси.

ЎзА