Бугунги кунда дунёда барқарор ривожланиш ва молиялаштиришнинг самарали, узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Иқлим ўзгариши, табиий ресурслар танқислиги, карбон таъсирини камайтириш, яшил технологиялар ва экологик ечимлар молия тизими учун ҳам жиддий синовларни юзага чиқармоқда.
Ана шундай глобал долзарб мавзуларни Ўзбекистоннинг миллий сиёсат истиқболлари билан уйғун тарзда муҳокама этиш мақсадида Банк-молия академиясида “Барқарор молиялаштириш: яшил иқтисодиётни ривожлантиришда банк-молия тизимининг ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, дунёнинг етакчи олий таълим ва молиявий муассасалари – Буюк Британия, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Жанубий Африка ва бошқа мамлакатлардан келган нуфузли олимлар, профессорлар, амалиётчи молиячилар иштирок этди.
Анжуманда яшил иқтисодиёт ва барқарор молиялаштириш соҳаларида қонунчилик, инвестиция муҳити, таълим ва тадқиқотлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳим масала ҳисобланиши қайд этилди. Хусусан, ESG бўйича миллий стандартларни ишлаб чиқиш, яшил молия воситаларини кенгайтириш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалалари алоҳида аҳамиятга эга.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон “яшил” иқтисодиёт концепциясини амалий сиёсатга айлантираётган кам сонли мамлакатлардан бирига айланиб бормоқда. Бу жараёнда ESG стандартларини миллий регламентларга жорий этиш, яшил молия бозорини ривожлантириш, таълим ва илмий тадқиқотларни ушбу масалалар билан интеграциялаш муҳим вазифа саналади.
Тадбирда мавзуга доир мавзуларда долзарб тақдимотлар қилинди.
Шунингдек, анжуман доирасида бир неча ихтисослаштирилган сессиялар ташкил этилди. Иштирокчилар томонидан ESG стандартлари, экологик сиёсат қатъийлиги, молиявий шаффофлик, яшил транспорт, рақамли молия ва бошқа долзарб масалалар бўйича илмий таҳлиллар ва амалий таклифлар тақдим этилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири