Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи мамлакатимиз тараққиётининг стратегик йўналишларини аниқ белгилаб берди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий ғояси — инсон қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқаро ҳаётида сезиларли ўзгаришлар яратишдан иборат.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, демократиянинг чуқурлашиши мамлакатимизнинг барқарор ривожланишининг асосий кафолати саналади. Янги Ўзбекистон ғояси халқимизнинг азалий орзуси саналмиш эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш билан боғлиқ бўлиб, бу жараёнда “инсон қадри, инсон бахти” тамойили барча ислоҳотларнинг марказида турибди.

Давлат раҳбари нутқида “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, сув ва табиий ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу нафақат атроф-муҳит муҳофазаси, балки иқтисодий самарадорлик ва инвестициявий жозибадорликни таъминлашда муҳим омилдир. Шунингдек, “Учинчи Ренессанс” ғояси доирасида халқимизнинг бой тарихий меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш орқали миллий маданият ва табиатни асраб-авайлаш анъаналарини илмий ва инновацион ечимлар билан уйғунлаштириш режалаштирилмоқда. Бу жараёнда яшил иқтисодиёт миллий тараққиётнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон бугун янги тарихнинг навбатдаги босқичида турибди. Янги Ўзбекистон деб номланган бу давр нафақат сиёсий ислоҳотлар, балки атроф-муҳит ва табиатга муносабатда ҳам туб бурилишларни ифодалайди. Бу бурилиш марказида эса битта муҳим ғоя мужассам — яшил иқтисодиёт.
Сўнгги беш йил ичида бу ибора мамлакатимизда шунчаки шиор бўлибгина қолмади. У амалий ислоҳотларнинг асосий меҳварига айланди. Энергия тежамкорлиги, қайта тикланувчи манбалар, чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш, яшил молия, экотуризм, биохимия ва сув ресурсларини оқилона бошқариш — булар энди сиёсий нутқлардаги безак эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги кундалик вазифаларга айланган.
Мана, биргина 2024 йилнинг ўзида мамлакатимизда 10 та қуёш ва шамол электр станцияси ишга тушди. Улар томонидан 1,6 миллиард киловатт-соат экологик тоза энергия ишлаб чиқарилди. Бу ишларнинг натижасида 1,5 миллиард куб метр табиий газ тежалди, бу нафақат иқтисодий манфаат, балки экологияга кўрсатиладиган босимни камайтиришдир. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, бу шунчаки лойиҳа эмас, бу келажакнинг энергетика моделидир.
Яна бир ўта муҳим ташаббус — чиқиндидан энергия олиш бўйича илк масштабли лойиҳалар амалга оширилди. Тасаввур қилинг: 4,7 миллион тонна маиший чиқиндидан 2,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси олиш мумкин бўлиши аниқланган ва бу бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар бошланган. Бундай лойиҳалар нафақат аҳолининг электр таъминотини яхшилайди, балки саноатнинг “яшиллашуви”га ҳам хизмат қилади. Чиқинди энди муаммо эмас — у қимматбаҳо ресурс.
Қуёш ва шамолдан фойдаланиш албатта муҳим, аммо бундан ҳам катта салоҳият яширинган бир соҳамиз борки, бу ҳам бўлса, яшил молиядир. 2024 йилда Тошкент фонд биржасида мамлакат тарихида илк марта 50 миллиард сўмлик “яшил” облигациялар чиқарилди. Бу маблағлар орқали энергия самарадорлигини ошириш, экологик тоза уй-жой қурилиши ва таъмирлаш ишлари молиялаштирилди. Бу янги даврни бошлаб берди. Бу дегани, молия тизими ҳам экологик масъулиятни ўз гарданига олмоқда.
Давлат бу ишларни етарли даражада қўллаб-қувватлаяпти. 2025 йилда Ўзбекистонда “Яшил иқтисодиёт фонди” ташкил этилиши режалаштирилган. Унинг орқали халқаро ташкилотлардан грантлар, имтиёзли кредитлар, техник ёрдамлар жалб этилади. Жумладан, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги ва бошқалар билан музокаралар олиб борилмоқда. Айни дамда 200 миллион евро, 10 миллион доллар ва яна 6,5 миллион долларлик техник ёрдам бўйича келишувлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бу ишлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. БМТ ва халқаро банклар Ўзбекистонни минтақада “яшил иқтисодиёт”га ўтаётган етакчи давлатлар қаторига қўшмоқда. Чунки мамлакат энди фақат ички имкониятлар билан чекланиб қолмаяпти, балки жаҳоннинг энг замонавий экологик ва молиявий механизмларини ўзига жалб этаяпти.
Бундай ислоҳотлар бир кунлик ёки бир йиллик кампания эмас. 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши ҳам шундан далолат беради. Бу — узоқни кўзлаган, ҳар бир йўналишни қайта қуришни мақсад қилган стратегик қарашнинг ифодасидир.
Шу нуқтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг вазифаси ҳам аниқ бўлиб бормоқда. Яшил иқтисодиёт фақат ижро ҳокимияти ёки инвесторларнинг иши эмас. Бу — қонунчилик, назорат ва ташаббус орқали қўллаб-қувватланиши керак бўлган йўналиш.
Шу маънода, парламент вакиллари сифатида биз қуйидаги вазифаларни устувор деб билишимиз шарт:
Биринчидан, яшил лойиҳаларни давлат томонидан молиялаштириш ва рағбатлантириш механизмларини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш зарур. Буни амалга ошириш учун “яшил” бизнесга солиқ имтиёзлари, қулай кредитлар ва грантлар беришга оид қонунлар қабул қилиниши керак.
Иккинчидан, ҳар бир ҳудудда яшил иқтисодиётга оид ҳудудий стратегиялар ишлаб чиқилиши лозим. Чунки Фарғонадаги экология билан Нукусники бир хил эмас. Шунинг учун ҳар бир туманда, ҳар бир вилоятда бу сиёсат ўз хусусиятини ҳисобга олган ҳолда юритилиши керак.
Учинчидан, ижтимоий назорат ва парламент мониторинги кучайтирилиши шарт. Халқ вакиллари сифатида биз, депутатлар, ҳар бир йирик экологик лойиҳа, чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш, яшил энергия сертификатлари каби жараёнларни назорат қилиш, унинг самарадорлигини баҳолаш имконига эга бўлишимиз шарт.
Тўртинчидан, ёшлар ва тадбиркорларни жалб қилиш. Ёшлар фақат сиёсий ислоҳотларда эмас, балки экологик ислоҳотларда ҳам етакчи бўлиши керак. Университетларда яшил технологияларга оид ихтисослашув, стартап лойиҳалар учун махсус грантлар, таълим ва амалиёт дастурлари жорий этилиши даркор.
Бу йўл осон йўл эмас, албатта. Лекин бу — келажакка олиб борувчи ягона йўл. Ўзбекистон бугун ушбу йўлга қатъият билан кирди. Энди орқага йўл йўқ. Биз, Қонунчилик палатаси вакиллари сифатида, айнан шу сиёсатни қонунлар орқали мустаҳкамлаб, назорат ва масъулият билан кузатиб, халқнинг манфаати йўлида амалга оширишимиз шарт.
Яшил иқтисодиёт — танлов эмас. Бу зарурат. Фарзандларимиз насли учун тоза ҳаво, соф сув ва барқарор иқтисодиёт қолдириш бурчимиз. Ушбу бурчни адо этиш ҳар биримизнинг инсоний ва фуқаровий масъулиятимиздир.
Ҳилола ЮСУПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.