Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ: Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 12 ГВтга оширади
12:19 / 2021-12-03

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумида Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам иштирок этди. Тадбирда яшил иқтисодиёт ва углерод мувозанатини таъминлаш, углеродли иқтисодиётга ўтиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар тақдим этилди.

Тақдимотда таъкидланганидек, ҳар йили дунё бўйича атмосферага 51 миллиард тонна СО2 (иссиқхона гази) чиқарилади ва бу иқлим ўзгаришининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кўп мамлакатлар яшил иқтисодиётга ўтиш йўлида қадам ташламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича комплекс стратегия, шунингдек, қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда.

Париж келишувига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга қадар иссиқхона гази чиқиндисини ЯИМдаги улуш сифатида 10 фоиз камайтириш мажбуриятини олган. Ноябрь ойида Глазго шаҳрида ўтказилган анжуманда мутасаддилар томонидан ушбу мажбурият 35 фоизга кўтарилди. Айни мақсадга эришиш учун мамлакат раҳбарияти Ўзбекистон учун яшил энергетикани ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – Яшил энергетикани ривожлантириш орқали углерод мувозанатига эришиш ва кейинги 10 йилда қайта тикланувчи энергия манбаси улушини 3 баробар оширишни белгилаб берди.

Республикамизда 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 12 ГВтга етказиш режалаштирмоқда.
Ушбу улкан мақсадларни амалга ошириш учун Энергетика вазирлиги 2019 йилдан буён Халқаро молия институтлари кўмагида ишлаб чиқариш қуввати, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тендерлар ўтказиб келмоқда.
Шунингдек, ҳукумат томонидан энергия самарадорлигини ошириш масаласини аҳоли ўртасида оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлик ҳузурида Энергия самарадорлиги жамғармаси тузилиб, кичик қуёш станциялари ва қуёш коллекторлари негизида уй хўжалиги учун кичик қуёш электр станцияси орқали ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Тақдимот давомида дунёда энергия алмашинувининг ягона намунаси мавжуд эмаслиги ва ҳар бир давлат илғор жаҳон тажрибасига таянган ҳолда ўз йўлини танлаши зарурлиги таъкидланди.
 

Насиба Зиёдуллаева тайёрлади.

ЎзА