Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил иқтисодиёт”: чиқиндидан энергия олинади
12:24 / 2026-02-03

Бухоро вилояти Когон тумани “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган замонавий инвестиция лойиҳасининг тамал тоши қўйилди.

Ушбу муҳим ташаббус ҳудудда экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни самарали бошқариш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам сифатида эътироф этилмоқда.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Хитой Халқ Республикасининг “Wangneng Environment” компанияси бошқарув кенгаши раиси Shan Chao ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов иштирок этиб, сўзга чиқди.

Унда таъкидланганидек, ушбу лойиҳа доирасида хорижий ҳамкорлар томонидан 165 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилиши режалаштирилган. Завод 30 йил давомида фаолият юритиши кўзда тутилган бўлиб, уни 2028 йили ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Янги корхона йилигa 547,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятига эга бўлади. Натижада йилига 230 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши таъминланади. Бу эса нафақат энергия таъминотини яхшилайди, балки чиқиндилар ҳажмини камайтириш орқали атроф-муҳит муҳофазасига ҳам катта ҳисса қўшади.

Шунингдек, лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудудда қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Бундай йирик экологик ва иқтисодий ташаббуслар чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда циркуляр иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.