Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Яшил" иқтисодиёт бўйича ҳаракатлар ҳамкорлиги (PAGE) дастури расман ишга туширилди
16:46 / 2025-11-21

Мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш давлат сиёсатида асосий устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу йўналишдаги муҳим ташаббуслардан бири – “Яшил” иқтисодиёт бўйича ҳаракатлар ҳамкорлиги (PAGE) дастурининг расман ишга туширилиши ҳисобланади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Корея Республикасининг  мамлакатимиздаги  элчихонаси, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда PAGE дастури вакиллари ва мутахассислари иштирок этди. 

Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, БМТТДнинг атроф-муҳит бошқаруви бўйича катта сиёсий маслаҳатчиси Тим Скотт  ва бошқалар сўзга чиқиб, томонлар ҳамкорлигига алоҳида урғу берди.

Умид Обидхўжаев қайд этганидек, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш борасидаги қатъий позицияси, шунингдек, мамлакатда иссиқхона газлари эмиссияларини қисқартиришда бозор механизмлари, хусусан, углеродни нархлаш воситаларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Тим Скотт ўз сўзида Ўзбекистонни минтақада “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришда етакчи давлат сифатида эътироф этди ва PAGE дастури доирасида мамлакатга ислоҳотларни амалга оширишда доимий кўмак беришга тайёрлигини билдирди. 

Айтиб ўтилганидек, PAGE дастури миллий институционал салоҳиятни ошириш, эмиссиялар савдоси ва яшил иқлим молияси соҳасида ягона мониторинг ва баҳолаш тизимини йўлга қўйишга қаратилган. Бунинг натижасида мамлакатда экологик ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилган.

Дастурнинг амалга оширилиши маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, “яшил” технологиялар ва инновацияларни тарғиб қилишга замин яратади. Бундай ҳаракатлар эса Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш стратегияси доирасида “яшил” иқтисодиётга ўтиши учун муҳим асосдир.

Мулоқот якунида иштирокчилар дастурни самарали мувофиқлаштириш, миллий ташаббуслар билан уйғунлик ва салоҳиятни янада ошириш ҳамда бу  йўналишдаги ишларни ривожлантиришга келишиб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА