Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил ипак йўли”ни барпо этиш йўлидаги муҳим ташаббуслар ва самарали мулоқотлар
22:57 / 2023-10-18

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 17-18 октябрь кунлари “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 18 октябрь куни “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда “Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида “Яшил ипак йўлини” биргаликда барпо этиш” мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди.

Хитой вице-президенти Хань Чжэн модераторлигида ўтган саммит ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, давлат ва ҳукуматлар етакчилари, молиявий институтлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Президентимиз ўз нутқида барча иштирокчиларни “Макон ва йўл” ташаббусининг ўн йиллиги билан самимий қутлади.

Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган ушбу улуғвор ғоя тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорларига эга бўлгани ва халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айлангани таъкидланди.

Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоридир.

Давлатимиз раҳбари “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади.

ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илк бор 2016 йилда айнан бизнинг мамлакатимизда илгари сурилган ушбу ташаббусни Ўзбекистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Минтақамиздаги аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазиятга тўхталиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини қайд этди.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошираётгани таъкидланди.

Шу маънода, жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош котиби ташаббусига кўра ўтказилган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан вазифалар саммити якунларига юқори баҳо берилди.

Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

– Умид қиламизки, ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун “Келажак учун – Самарқанд мулоқоти”ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади, – деди Президентимиз.

Мамлакатимиз “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

“Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган “Яшил” тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

“Яшил ипак йўли”ни барпо этиш йўлидаги яна бир муҳим вазифа – “яшил” ишлаб чиқариш занжирлари ва инновацияларни ривожлантириш.

Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда “Яшил молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди.

“Яшил” энергетикага ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифи билдирилди. 

Ўзбекистон Президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.

“Яшил” тараққиёт ва экология соҳаси учун малакали кадрлар танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида етакчи хорижий олийгоҳлар ва таълим марказлари билан ҳамкорликда “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.

Бундан ташқари, Президентимиз табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масаласига тўхталди.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида форум якунлари, унда билдирилган ғоя ва таклифлар инсониятнинг “яшил” келажагини барпо этиш йўлида муҳим ҳисса бўлишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифининг иккинчи куни Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Ван Хунин, "China CAMC Engineering" компанияси раиси Ван Бо, “China Energy Engineering Corporation” раиси Сун Хайлян, “State Grid” компанияси раиси Синь Баоан билан учрашув ўтказди.

Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Ван Хунин давлатимиз раҳбари “Макон ва йўл” учинчи халқаро форумида илгари сурган муҳим ташаббусларни юксак баҳолади ва бунинг учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон – Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Конструктив сиёсий мулоқотнинг бугунги даражаси ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро кўмак алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Самарқанд ва Сиань шаҳарларида ўтган саммитлар давомида эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. 

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бормоқда. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Охирги ойларда Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди, Шаньдун, Шэньси, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди. 

Маданий-гуманитар алоқалар ва таълимдаги алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

"CAMCE" Хитойнинг инжиниринг хизматларини кўрсатувчи ҳамда саноат ва инфратузилма соҳаларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи етакчи корпорациясидир.

Компания юртимизда катта иш тажрибасига эга. Бугунги кунда "CAMCE" 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида олимпия шаҳарчаси қурилишида иштирок этмоқда.

"China CAMC Engineering" компанияси раиси Ван Бо билан учрашувда қўшма лойиҳаларни кўпайтиришнинг амалий жиҳатлари, жумладан, мамлакатимиз ҳудудларида гидротехник иншоотлар ва Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани барпо этиш, илғор агротехнологияларни жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари қўшма лойиҳалар ва эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишга топшириқ берди.

Замонавий энергетика, инфратузилма ва саноат объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш борасида катта тажрибага эга Хитойнинг «China Energy» етакчи корпорацияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Компания активларининг қиймати 150 миллиард доллардан ортиқ.

“China Energy Engineering Corporation” раиси Сун Хайлян билан учрашувда компания Ўзбекистон энергетикасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

«China Energy» Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида қуёш ва шамол электр станциялари, Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Компания Навоий вилоятида гибрид электр станциясини барпо этишда иштирок этиш ниятида.

Бундан ташқари, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд вилоятида цемент ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватлар биргаликда ишга туширилди.

“China Energy” билан шериклик истиқболлари, шу жумладан, инфратузилма объектларини модернизация қилиш, энергияни сақлаш тизимларини ташкил этиш, энергетика тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш дастури доирасида малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Сув хўжалигида кооперация қилиш, саноатнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Хитойнинг “State Grid” электр тармоқлари корпорацияси ушбу соҳадаги глобал етакчи бўлиб, Fortune Global 500 рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Компания электр узатиш тармоқларини барпо этиш ва уларни эксплуатация қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш борасида, шу жумладан, хорижий мамлакатларда катта тажрибага эга. Активлари қиймати 800 миллиард доллар атрофида.

“State Grid” компанияси раиси Синь Баоан билан ушбу компания иштирокида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш ва инфратузилма объектларини модернизация қилиш, бунда илғор инжиниринг ечимлари ва юксак технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз энергетика тармоғи учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи якунланди.

ЎзА