Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил” фан ва инновациялар кунида илғор технологиялар тақдим этилди
16:36 / 2025-09-10

2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили

Пойтахтимизда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Тошкент давлат аграр университети ҳамкорлигида “Яшил” фан ва инновациялар куни” ўтказилди.

Ушбу ташаббус мамлакатимизда 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили, деб эълон қилинганига ҳамоҳанг тарзда ташкил қилинди. Бу диёримизнинг иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши, атроф-муҳит ифлосланишига қарши қатъий саъй-ҳаракатларни тасдиқлайди.

Ёшлар, олимлар, сиёсатчилар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этган тадбирда агроозиқ-овқат тизимларини янада “яшил” келажак сари ўзгартираётган илмий ютуқлар ва инновацион ечимлар намойиш этилди.

Анжуман ФАО Яшил қишлоқ хўжалиги бўйича Минтақавий техник платформаси, Илм-фан ва инновациялар форуми ҳамда Европа ва Марказий Осиё учун Минтақавий фан ва инновациялар ҳафталиги каби глобал ва минтақавий ташаббуслар билан уйғун ҳолда ўтказилгани алоҳида қайд этилди. Бу ташаббуслар илм-фан ва инновацияларнинг барқарор ва инклюзив агроозиқ-овқат тизимларини шакллантиришдаги муҳим ўрнини ёритади.

Тадбир давомида илғор технологиялар тақдим этилди. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агро-саноатни рақамлаштириш маркази томонидан “Агроплатформа” ахборот тизими, Тошкент давлат аграр университетининг биоконтролга асосланган барқарор ўсимликларни ҳимоя қилиш усуллари, шунингдек, “Ўзбеккосмос” томонидан қишлоқ хўжалигида дронлар ва космик технологияларни қўллаш имкониятлари тушунтирилди.

Интерактив машғулотлар, хусусан, “яшил” фан, инновациялар ва ФАО фаолияти бўйича викторина ёшларнинг фаол қатнашишини рағбатлантирди ва билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Таъкидланганидек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ФАОнинг асосий мандатида муҳим ўрин тутади ва бу жараёнда ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Инновацион усулларга асосланган ер ресурсларини барқарор бошқариш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг озиқавий қийматини ошириш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатишга ёрдам беради.

“Яшил” фан ва инновациялар куни” эса миллий ва маҳаллий даражада билим алмашиш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилишни кучайтириб, Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ҳамкорлик ва ресурсларни сафарбар этишга хизмат қилади.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА