English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил энергияга ўтиш ёхуд Даниянинг оламшумул лойиҳалари
10:28 / 2022-04-17

“Жаҳон энергетики инқирози шароитида дунё ҳамжамияти тезроқ қайта тикланадиган энергияга ўтиши лозим” деди яқинда Берлинда бўлиб ўтган энергия форумида сўзга чиққан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

“Ҳозирги энергетика инқирози шуни кўрсатмоқдаки, инсоният қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни имкон қадар тезлаштириш керак. Ҳозир сусткашлик қилиб бўлмайди. Бу энергетика хавфсизлигига элтувчи ягона йўл”, — дейди бош котиб.

Ушбу анжуманда қазиб олинадиган энергия манбаларига инвестиция киритишни имкон қадар тезроқ тўхтатиш, нефть-газ ресурларини қидириш кўламини кенгайтиришни ҳам бас қилиш вақти аллақачон келгани айтилди.

Кўмир, нефть ва газ бугунги кунда дунё энергетика саноатининг асоси ҳисобланади. Иқтисодиёти қазиб олинадиган энергия ресусларига таянган мамлакатлар, шубҳасиз, бундай осон ва арзон манбадан тезда воз кеча олмайди. Қолаверса, муқобил воситаларга ўтиш учун зарур технология кўп давлатларда мавжуд эмас. Саноати юксак ривожланган ғарб бу борада сайёрамизнинг бошқа минтақаларига қараганда анча илғор. Украина воқеалари туфайли Россияга қарши қўлланган санкция аксарият мамлакатлар олдига муқобил энергия манбаларига тезроқ ўтиш масаласини қўйди.

Муқобил энергия манбалари турлича: Қуёш батареяси, Шамол парраги, гидроэнергетика, биомасса ва ҳоказо. Гидроэнергетика технологияси инсоният томонидан аллақачон ўзлаштирилган. Дунёнинг қарийб барча минтақаларида кўплаб йирик гидроэлектр станциялари ишлаб турибди. Қуёш ва шамол энергетикаси ҳам кенг қўллана бошланди. Бу борада анча илгарилаган мамлакатларнинг бири, шубҳасиз, Дания.

Дания ҳозирда инновация, ишланма ва технологияни муқобил энергетика соҳасига жорий қилиш бўйича дунё марказига айланган.

Европа шимолида жойлашган, унчалик катта бўлмаган қиролликнинг энергетика соҳасида ютуққа эришиши нефть инқирозига жавобан замонавий ечим топиш исташи билан боғлиқ.

Дания ўз энергия хавфсизлигини таъминлашга илк бор 1973 йилда, глобал энергетика инқирозидан кейин қарор қилди. Дастлаб, шамол турбинасини қуриш ва фойдаланишга топшириш - биомасса ишлаб чиқариш заводини бунёд этишга кичик субсидия ажратилди. Мақсад мавжуд талабни ички ресуср ёрдамида қондириш ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш эди. Шундан сўнг изчиллик касб этган чоралар натижасида Дания 1998 йил энергия экспортчисига айланди.

Ўтган йиллар давомида мамлакат қайта тикланадиган энергия соҳасидаги новаторлик ғоялари ва технологиялари билан танилди, бутун дунё Дания технологияларини қўллай бошлади. Бундан ташқари, тақдим қилинган ечимлар шу заҳоти мамлакатнинг ўзида ҳам қўллана бошланди. 2020 йилга келиб Данияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 80 фоизи қайта тикланадиган манбаларга тўғри келди.

Қиролликда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг учдан икки қисми биоэнергия. Бунда энергия органик материалдан ёки биомассадан олинади. Ҳатто, Данияда йирик бизнесга айланган қишлоқ хўжалиги ҳам, сиртдан бўлса-да, мамлакатни энергия билан таъминлашга ёрдам бермоқда. Бунинг учун гўнг, ҳайвон ёғи, хашак биогаз ва суюқ ёқилғи асоси бўлиб хизмат қимоқда.

Замонавий технология уйни иситишда ҳам қўлланмоқда. Данияда марказий иссиқлик билан таъминлаш учун фойдаланилаётган ёқилғи биомасса ва бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинади.

Хуллас, қайта тикланадиган энергия манбалари экологик мақсадда ҳам, тижорат мақсадида ҳам ишлаб чиқарилмоқда, чунки соҳага жорий қилинган технология энергохавфсизликни таъминлаш билан бирга, бизнеснинг ривожланиши ва ўсишини ҳам таъминламоқда. Бугунги кунда Дания ўзининг қайта тикланадиган энергия олишда ишлатиладиган замонавий технологияларини бутун дунёга сотмоқда. 

Дания шамол энергетикаси ишлаб чиқариш учун ускуналар ясаш бўйича ҳам ер юзида етакчилик қилмоқда. Шамол энергетикаси соҳасида дунёнинг энг йирик новатори ҳисобланган, шамол генерторлари ишлаб чиқарувчи “Vestas” ва бошқа кўплаб йирик компаниялар Данияда фаолият кўрсатмоқда. “GlobalData” маълумотига кўра, бундан бир неча йил аввал даниялик компаниялар шамол турбинаси ишлаб чиқариш бўйича дунё бозорининг учдан бирини эгаллаган. Мамлакатнинг энергетика технологиялари ва хизмат экспорти кўрсаткичи ҳам йил сайин ўсмоқда.

Дания эришилган муваффақият билан чекланиб қолмоқчи эмас. 2020 йил мамлакат парламенти қабул қилган иқлим бўйича қонунда Данияда ис газини тарқатиш кўрсаткичини 2030 йилгача 70 фоиз қисқартириш мақсади қўйилган ва 2050 йилга келиб тўлиқ иқлим нейтраллигига эришмоқчи. Қонун билан белгиланган мақсадлар юридик кучга киритилган.

Буларнинг бари пандемиядан кейин мамлакат иқтисодиётини қайта жонлантириш режасида акс этган. 2021 йил Копенгагенда бўлиб ўтган нуфузли анжуманда ҳукумат яна бир йирик лойиҳа тақдим этди - Шимолий денгизда йирик сунъий орол қуриш ва ҳудудни яшил энергия олиш марказига айлантириш. Орол қуриб битказилгандан кейин тоза электр энергияси етказиб бериши баробарида транспорт ва саноатда фойдаланиш учун экологик тоза водород ҳам етказиб беради.

Сунъий орол аввал бошда 120 минг квадрат метрга тенг бўлади. Мазкур ғоя Дания тарихидаги энг йирик ва энг қиммат лойиҳа. Биринчи босқичдаёқ 210 миллиард Дания крони (тахминан 33,8 миллиард АҚШ доллари)га тенг иш бажарилади. Камида 3 гигаватт қувватга эга шамол турбинасидан фойдаланилади, кейинчалик қувват 10 гигаваттга оширилади.

Келгуси энергетика инқилоби учун янги технологик ечим излаш доирасида асосий урғу экологик тоза водород олишга қаратилмоқда. Ҳукумат режасига кўра, келгусида водород олиш учун янада арзон технология қўлланиши қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигига барҳам бериш ва мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

2020 йил декабрда Дания ҳукумати нефть ва газ қидиришга мораторий эълон қилди ва бу янада улкан қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлди.

Хуллас, 1970-йилларда Дания иқтисодиёти учун қутқарув тумори бўлган нефть ва газ соҳаси энди ўтмишга айланади. Ишга туширилган конларда нефть қазиб олиш 2050 йилда бутунлай тўхтатилади. Бу билан Дания ўз кучи ва эътиборини яшил энергияга қаратиб, соҳада илғор мамлакатга айланмоқчи. Айни пайт дунё саноати учун экологик тоза энергия трендга чиққан экан, Даниянинг режасми ва амалга ошираётган лойиҳалари ва албатта, бу борада эришаётган ютуқлари сайёрамизнинг учун намуна бўлиши керак. Зеро, халқаро ҳамжамият ёппасига қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтса, инсоният бошқача нафас ола бошлайди. Одамлар турмуш даражаси яна бир тарихий босқичга юксалади.

С.Раҳимов, 

ЎзА