Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 27 январь куни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури лойиҳаси юзасидан ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда қўшимча яна 1 гигаватт қувватли муқобил энергия ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш, шунингдек, давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом эттирилиши, бунинг учун 2 триллион сўм кредит ажратилиши таъкидланди.
Мазкур йўналишда, яъни “Яшил” энергиядан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш, айниқса, қуёш панеллари ўрнатиш борасида Андижон вилоятида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

– Жумладан, 2023-2024 йиллар давомида вилоятда 1 минг 626 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига қуввати 23 минг 168, тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларига қуввати 26 минг 835, 12 минг 826 та аҳоли хонадонига 87 минг 607, 33 та кўп қаватли уйларга 268 кВтли қуёш панеллари ўрнатилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Сардорбек Юсупов. – Қуёш панеллари ўрнатилган ушбу объектлар “Яшил” энергия платформаси рўйхатидан ўтказилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Вилоятда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган.

Тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли вакилларига “Яшил” энергиянинг аҳамияти, хусусан, яшил энергиядан фойдаланиш йўлга қўйилганда бериладиган имтиёзлар, қуёш панеллари ўрнатишнинг қулайлик ва афзалликларини тушунтиришга қаратилган семинарлар, турли тарғибот тадбирлари доимий равишда ўтказилмоқда.
Андижонда муқобил энергиядан фойдаланиш, қуёш панеллари ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилда мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари