Бугунги кунда мамлакатимизда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Азизбек Дўстёров Навоий шаҳрида жойлашган “Бахт текстил” МЧЖда бўлиб, корхона раҳбарияти билан қуёш панелларини ўрнатиш, унинг афзалликлари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида суҳбатлашди.

Учрашувда Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Экспорт уч қадамда” тизими ва “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликлари ҳамда қулайликлари, бунда хориждан олиб келинган маҳсулотларни жойлаштиришда божхона тўловлари тўланмаслиги, рухсат этиш хусусиятларига эга ҳужжатлар талаб этилмаслиги тушунтириб ўтилди.
Корхона раҳбари тўқув ва йигирув жараёнида узлуксиз электр энергиянинг мавжудлиги не чоғлик муҳим бўлса, муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланиш натижасида кўрилаётган фойда ҳам иқтисодий ўсишда аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
Учрашувда корхона вакилларининг қайта ишлаш ва қуёш панелларининг афзалликлари бўйича қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири