Кейинги йилларда мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқариш, ривожлантиришга қаратилган бир неча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Навоий ва Қашқадарё вилоятларида йирик қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди.
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани сарҳадларида бунёд этилаётган йирик лойиҳа – 500 мВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси нафақат Марказий Осиёда, балки МДҲ мамлакатлари ичида энг юқори қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланади.
Кечагина яйлов бўлган улкан, минг гектарга яқин ер майдонида хитойлик мутахассислар билан биргаликда ўрнатилаётган қуёш панеллари минглаб хонадонларни, ижтимоий соҳа объектларини “яшил” энергия билан таъминлаш имконини беради.
Ҳозир ер юзида табиий ёқилғи – энергия захиралари миқдори камайиб боргани сари инсониятнинг бу ресурслар ўрнини боса оладиган муқобил энергия манбаларига бўлган талаби, эҳтиёжи тобора ортмоқда. Изланишлар, илмий тадқиқотлар салмоғи ошмоқда. Бунда биз учун энг яхши хазина бу қуёшдир. Агар юртимизда бир йилда ўртача 300-320 кун қуёшли бўлишини эътиборга олсак, 1 м2 майдондан йилига 1900-1960 кВт соат электр энергиясини олиш мумкин. Бу йилига 240 килограмм кўмир тежалади, деганидир. Шу боис “яшил” энергияга ўтиш давр талабига айланди.
Бугунги кунда вилоятда 736 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчилари мавжуд бўлиб, электр энергиясини етказиб бериш бўйича 10 минг 360 та трансформатор пунктларидан фойдаланилмоқда. Уларнинг 1036 таси 30 фоизлик юкламада ишлаяпти. Қашқадарё вилоятининг кунлик электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 22 миллион кВт соатни ташкил этишини эътиборга олсак, қуёш энергиясидан фойдаланиб, электр ишлаб чиқариш энг мақбул ечимлардан бири ҳисобланади.
Нишон туманида бу борада амалга оширилаётган мега лойиҳа энергия таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир. Хўш, у халқимизга нима беради?
Нишондаги 500 мВтли қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ ишга тушгач, йилига 1 миллиард 100 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу йил давомида 458 минг хонадоннинг бир йиллик, 5,5 миллион хонадоннинг бир ойлик электр истеъмолига тенгдир. Яна бир жиҳати, атмосферага йилига 440 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Вилоятнинг 60 фоизини электр энергия билан таъминлаш имконияти яратилади.
Нишон туманида бунёд этилаётган мега лойиҳанинг қудрати, нуфузи ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин. Унинг биз учун, аниқроғи, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти билан боғлиқ аҳамияти нимада?
Яқинда институтда мазкур лойиҳа инвестори – Хитойнинг “Energy China Kashkadarya Solar Power” МЧЖ раҳбари Сенлин Ҳуанг бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Мулоқот давомида институт ва Хитой компанияси ўртасида “яшил” энергия соҳаси, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари, биоэнергетика бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Асосан, Нишон туманида барпо этилаётган йирик ҳажмдаги қуёш фотоэлектр станцияси учун кадрлар тайёрлаш ҳақида ҳам мулоҳазалар билдирилди. Мазкур йирик станциясида институт талабалари учун танишув саёҳатларини ва амалиётларини ташкил этиш юзасидан таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Ўз навбатида, жаноб Сенлин Ҳуанг ҳам компаниянинг Фарғона водийсида, Бухоро ва Навоий вилоятларида амалга ошириладиган янги лойиҳалар кўлами ҳақида сўз юритар экан, малакали кадрларга эҳтиёж юзага келишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда “яшил” энергияга босқичма-босқич ўтиш йўлида катта қадамлар ташланди. Бунга ҳамоҳанг равишда кадрларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, 2020 йилда институтда “Муқобил энергия манбалари” кафедраси ташкил этилди. Кафедра базасида шу йўналишда бакалаврият ва магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари ихтисослиги бўйича таянч докторантура фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида кафедрада замонавий моддий-техник база яратилди. “Энергия тежамкорлик ва муқобил энергия манбалари” илмий-тадқиқот маркази, марказ таркибида “Қуёш ва биоэнергетик қурилмалар”, “Энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбалари” лабораториялари ва “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигони ташкил этилди.
Полигонда бажарилган илмий ишлар ва лойиҳалар натижасида 3 та ишланма “Бўлажак олим” танлови ғолиби бўлди. Айни дамда Ўзбекистон-Беларусь фундаментал лойиҳалар танлови гранти асосида фундаментал лойиҳа амалга оширилмоқда. Ёш олимлар томонидан 10 дан ортиқ илмий ихтироларга патент олинган. Полигондаги тажриба қурилмаларида 15 нафар докторант ва тадқиқотчи ўз илмий ишларини олиб боришмоқда. Эътиборли жиҳати, 2023 йилда институт талабаси Анвар Раҳматов муқобил энергия манбалари соҳасидаги илмий тадқиқот ишлари бўйича “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлди.
Муқобил энергия манбалари соҳасида илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган олимлар яратилган қурилмаларнинг самарадорлигини ошириш, узлуксизлигини таъминлаш борасида ҳам изланмоқдалар. Ташқи омиллар айрим ускуналарнинг кутилган натижани бермаслигига сабаб бўлишини ҳаётнинг ўзи бизга кўрсатиб қўймоқда. Масалан, қуёш панеллари юзасида чанг-тупроқнинг ортиқча тўпланиб қолиши электр токи ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Нишон тумани чўл ҳудуди эканини ва йирик қуёш фотоэлектр станцияси очиқ майдонда жойлашганлигини инобатга олсак, юқоридаги муаммолар бу ерда ҳам бўлиши табиий. Тўғри, ҳозирги пайтда қуёш панелларини автоматик равишда тозалаш қурилмалари яратилган. Шундай бўлса-да, бу борада айрим мулоҳазаларимизни маълум қилмоқчимиз.
Кейинги йилларда Осиё минтақасидаги мамлакатларда қурғоқчиликнинг ортиб бориши ҳавога чанг-тўзоннинг катта миқдорда кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун қуёш фотоэлектр станцияси ҳудуди атрофига саксовул ва юлғун сингари чўл ўсимликларини экиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, панелларнинг сув воситасида тозаланишини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг остига чим ётқизиш тупроқ емирилишининг олдини олишга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.
Яна бир гап. Станция ҳудудининг катталиги панелларни тозалашда сув сарфининг кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун, институт ёш олимлари чангларни автоматик равишда тозалаш қурилмасининг янги турларини яратиш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Шу ўринда, қадимги Рим императори Юлий Цезар таъбири билан айтганда, қўлга киритишдан кўра, қўлдагини сақлаб туриш муҳимроқ. Катта маблағ эвазига бунёд этилган мега лойиҳанинг узоқ йиллар халқимизга сифатли хизмат қилишини таъминлаш – муҳим вазифа.
Бир пайтлар қуёшдан электр энергиясини олиш, хоналарни иситишда фойдаланиш одамлар учун эртак бўлган. Бунга мўъжиза сифатида қаралган. Бугун-чи?! Бу одатий ҳолга айланди. Дунёга юз тутган, дунё билан тенглашишга интилаётган Ўзбекистонда ҳам мўъжиза бўлмай қолган “мўъжиза”ларга ҳар қадамда гувоҳ бўласиз. Тараққиёт Ер шарига ҳамқадам тарзда илдамлаяпти. Демак, таълим соҳасини ислоҳ этиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада кучайтириш узлуксиз давом этади. Бу ҳар биримиз янада илдам, ташаббускор ва уқувли бўлишимиз лозимлигини тақозо қилади.
Орифжон Бозоров,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори.
ЎзА