Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил энергетикага ўтиш иқтисодий фойда келтирмоқда
07:43 / 2025-06-11

Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология масаласи бутун дунёни ташвишлантираётган глобал ҳамда долзарб муаммолардан бирига айланган.

Бу каби муаммоларни ҳал этишнинг ягона ечими эса табиатга оқилона муносабатда бўлиш, бор имкониятларни ишга солган ҳолда кўкаламзорлаштиришга, яшилликни кўпайтиришга ва “яшил энергетика”дан унумли фойдаланишдир.

Юртимизда “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Марказий кон бошқармаси томонидан ишлаб чиқариш тармоқларини яшил энергетикага ўтказиш, энергияни иқтисод қилиш, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.  

Бугунги кунда Марказий кон бошқармаси, бўлинма ва заводларда 1,2 мингга яқин қуёш сув иситиш қурилмалари (гелеоколлекторлар) ўрнатилиб, улар ёрдамида бир кунда 8,3 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилмоқда.  

Шунингдек, сўнгги йилларда умумий қуввати 1,55 минг кВт лик қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиб, электр энергияси тежалмоқда. Биргина 2024 йилнинг ўзида инвестицион лойиҳалар асосида 11 та объектда умумий қуввати 1,45 минг кВт лик қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилди.  

Жумладан, Ташқи сув таъминоти бирлашган энерго хизматида 700 кВт, 2-гидрометаллургия заводида 400 кВт, 7-гидрометаллургия заводида 200 кВт, Зарафшон таъмирлаш-механика заводида 100 кВт, 7-автокорхонада 50 кВт ана шундай энергия тежамкор лойиҳалар ишга туширилди.

– 2021 йилдан буён гелиоколлекторлардан фойдаланиб, улар қанчалик иқтисодий самарадор эканини аниқ натижаларда кўриб келяпмиз, – дейди кон бошқармаси муҳандис-энергетиги Жасур Алматов. – Бу йил ҳам 130 дона шундай гелиоколлекторларни ўрнатиш режалаштирилган. Агарда замонавий қуёш фотоэлектр станцияларининг иқтисодий самарадорлигини таҳлил этадиган бўлсак, жорий йилнинг январь-апрель ойларида 538,2 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқарган. Бир сўз билан айтганда, “яшил” иқтисодиётни кенг жорий этиш энергия ва ресурсларни тежаш, атмосферага зарарли моддалар чиқишини камайтириш, атроф-муҳит ва табиатни асраш, иқтисодиётни ривожлантиришга кенг шароит яратади.

Айни пайтда ушбу қуёш фотоэлектр станциялари ёрдамида бир йилда ўртача 1,65 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида кон бошқармасининг йиллик электр энергияси сарфидан қарийб 1,65 миллион сўм маблағ иқтисод қилинмоқда.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири