Маълумки, ривожланиш ва иқтисодий ўсиш энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлади.
Чунки, бу икки омил бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун энергиядан тўғри, самарали ва режали фойдаланиш, табиатни асраш ҳамда табиий ресурсларни тежаш билан бирга давлат ривожига ва иқтисодий ўсишга ҳам хизмат қилади.
Ривожланган мамлакатларда қайта тикланувчи энергия манбаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда хорижий инвестициялар жалб қилиниб, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш кенгаймоқда. Масалан, Хитой, Германия, Япония, Бразилия, Италия, Австралия ва Ҳиндистонда қуёш ва шамфол электр станцияларига катта сармоялар йўналтирилмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги ижро директори Фатих Бирол таъкидлаганидек: “Қайта тикланувчи энергия манбалари — дунё энергия тизимининг асосий қисмига айланди.”
Бугун дунёда қуёш энергиясидан фойдаланувчи етакчи давлатлар қаторида Хитой (340 ГВт), АҚШ (103 ГВт), Япония (79 ГВт), Германия (62 ГВт) ва Ҳиндистон (57 ГВт) бор. Германияда эса 2024 йилда электр энергиясининг 46 фоизи қайта тикланувчи манбалар ҳиссасига тўғри келган бўлиб, 2030 йилгача бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида Божхона қўмитаси, Тиббий-ижтимоий масалалар билан ишлаш ва қуёш панеллари ўрнатилишини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, полковник Феруз Сафарбоев қуйидагиларни гапириб берди:
– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2023 йил 16 февралдаги тегишли қарорга асосан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши бошланган. Жумладан, БААнинг “Masdar” компанияси томонидан Самарқанд (220 МВт), Жиззах (220 МВт), Сурхондарё (457 МВт), Қашқадарё (500 МВт), Навоий (122 МВт) вилоятларида жами 1519 МВт қувватли қуёш ҳамда 500 МВт шамол станциялари қурилди.
“ACWA Power” (БАА) компанияси Бухорода 1000 МВт шамол станциясини ишга туширди. Хитойнинг “Gezhouba” компанияси 500 МВт қуёш станциясини фойдаланишга топширди. Самарқандда “Tepelen Group” компанияси томонидан 2023 йил октябрда 20 МВт қуёш станцияси ишга туширилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4682 МВт бўлган 12 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 5 та шамол станцияси фаолият кўрсатмоқда. Улар йилига 9 миллиард кВт/соат “яшил энергия” ишлаб чиқармоқда.
Натижада 2,73 миллиард куб метр табиий газ тежалди ҳамда атмосферага чиқадиган зарарли газлар 4 миллион тоннадан ортиққа камайди.
2023 йилдан буён республика бўйича 138 783 та объектга 1 903 МВт қуёш панеллари ўрнатилди.
Энергия қурилмаларини ўрнатиш ишлари жойлардаги ишчи гуруҳлар ва божхона ходимлари томонидан назорат қилиниб, тизимли мониторинг олиб борилмоқда. Натижада 2144 та объектда 29 МВт панеллар ўрнатилмаган ҳолатлар бартараф этилди, 289 та объектдаги 6 МВт панеллар ишламаётгани аниқланиб, тизимдан чиқарилди.
2025 йилнинг ўтган даврида республика бўйича 40 233 та объектга 918 МВт қуёш панеллари ўрнатилиб, йиллик режа 117 фоизга бажарилди.
Шу жумладан, ижтимоий соҳа ва давлат идораларида — 5452 та объект, 98 МВт, кўп қаватли уйларда — 808 та объект, 11,9 МВт, аҳоли хонадонларида — 23 737 та объект, 238 МВт, тадбиркорлик субъектларида — 10 236 та объект, 570 МВт қуёш панеллари ўрнатилди.
Шунингдек, божхона органларига тегишли 74 та бино ва иншоотда ўрнатилган 4,1 МВт қуёш панеллари орқали икки ярим йил ичида 8 миллиард сўм бюджет маблағи тежалди.
2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 41 миллион нафарга, иқтисодиёт ҳажми эса икки бараварга ўсиши кутилмоқда. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни 1,5 баробарга оширади.
Ўзбекистон қуёш панеллари ишлаб чиқаришда асосий модда бўлган кремнийга бой мамлакат бўлса-да, юқори технологиялар етишмаслиги сабабли бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Шунинг учун илмий тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларида замонавий лабораториялар ташкил этиш, инновацион ишланмаларни жадал йўлга қўйиш зарур.
Қайта тикланувчи энергияни сақлаш ва узатишдаги муаммоларни ҳал қилиш ҳам бу соҳадаги ривожланишнинг асосий йўналишларидан биридир.
“Яшил энергетика” нафақат экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни, балки минглаб янги иш ўринлари яратишни, рақобатбардош энергетика бозорини шакллантиришни таъминламоқда.
Бу мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва глобал бозор шароитига мослашиш имконини бермоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА