Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил энергетика: Глобал геосиёсатни қайта шакллантираётган куч
00:18 / 2026-02-21

Бугунги халқаро тизимда энергия омили давлатларнинг сиёсий мустақиллиги, иқтисодий барқарорлиги ва ташқи имкониятини белгиловчи асосий воситалардан бирига айланди. Иқлим ўзгариши, ресурслар учун рақобат ва геосиёсий зиддиятлар кучайган бир шароитда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш жараёни нафақат экологик зарурат, балки стратегик эҳтиёж сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, Европа маконида энергия сиёсати геосиёсий ҳисоб-китоб марказига чиқди.

Энергия хавфсизлиги ва сиёсий мустақиллик

Эксперт Равшан Ғозиев таҳлилига кўра, бугунги глобал энергетика майдонида мустаҳкам ўрин эгаллаётган йўналишлардан бири – яшил энергетика, яъни қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш. Шамол, қуёш ва биология энергияси каби ресурсларга ўтиш ХХI асрнинг муҳим тенденциясига айланди. Бу жараён экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга, халқаро муносабатлар тизимига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Европа Иттифоқи бу йўналишда етакчиликка интилмоқда. Эндиликда анъанавий энергия манбалари, хусусан нефть ва газ импортига ўта қарамлик кўплаб давлатлар учун геосиёсий хавф туғдира бошлади. Яқин-яқингача кўҳна қитъа давлатларининг аксари Россия газига таяниб келгани энергия масаласини сиёсий босим воситасига айлантирган эди.

2022 йил Европа Комиссияси томонидан эълон қилинган “REPowerEU” дастури айнан шу қарамликни камайтиришга қаратилди. Мазкур стратегия энергия манбаларини диверсификация қилиш, қайта тикланувчи ресурслар улушини ошириш ва ички ишлаб чиқаришни кенгайтиришни кўзда тутади. Натижада энергия хавфсизлиги таъминланади, ташқи сиёсатда мустақил позиция шаклланади.

Иқлим сиёсати ва геосиёсий таъсир

Яшил энергетика глобал иқлим дипломатиясининг ажралмас қисмидир. ЕИ “Green Deal” ва “FIT For-55” стратегиялари орқали 2030 йилгача буғ гази чиқиндисини 55 фоизга туширишни мақсад қилган. Бу ташаббус экологик мақсад билан чекланмайди, балки геосиёсий таъсир доирасини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

Иқлим сиёсатида етакчилик орқали Европа бошқа йирик иқтисодиётларни ҳам яшил трансформацияга ундамоқда. Карбон савдоси механизми, технология трансфери ва экология стандарти халқаро савдо ва дипломатиянинг янги воситаларига айланмоқда. Энергия ва экология масаласи ҳозир фақат ички сиёсат эмас, балки глобал музокаранинг муҳим йўналишидир.

Технология рақобати ва стратегия устунлиги

Қуёш панели, шамол турбинаси ва энергияни сақлаш тизими биргаликда бугун глобал рақобат марказини ташкил қилмоқда. Европа технология етакчилиги орқали нафақат иқтисодий фойда олмоқда, балки стратегик таъсир доирасини ҳам кенгайтирмоқда. Масалан, Германия ва Дания шамол энергетикаси технологияси экспорти орқали “технология дипломатияси” услубини шакллантирди. Бу энергия сиёсатини манфаатга мос равишда йўналтириш имконини беради.

Шунга қарамай, яшил трансформация янги геосиёсий боғлиқликни ҳам юзага келтирмоқда. Электр транспорт воситалари ва энергия сақлаш тизими учун зарур литий, кобальт каби муҳим минералларнинг асосий захираси Африка ва Осиёда жойлашган. Шу боис, Европа бу минтақалар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга мажбур. Демак, энергетика мустақиллиги бир томондан кучайса, бошқа томондан хом ашё занжирида янги стратегик халқалар шаклланмоқда.

Иқтисодий барқарорлик ва молиявий воситалар

Яшил энергетикага йўналтирилаётган инвестиция Европада иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверига айланмоқда. Келгуси йиллар учун режалаштирилган триллион еврога тенг сармоя ички саноатни такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Шунингдек, “green bonds” ва экологик кредит орқали халқаро молиявий майдонда ҳам таъсир кучаймоқда. Молиявий воситалар ёрдамида бошқа давлатлар яшил трансформацияга жалб қилинмоқда. Натижада энергия дипломатияси фақат нефть ва газ атрофида эмас, балки технология, инвестиция ва карбон стандарти асосида шаклланмоқда.

Анъанавий ресурслар ва реал мувозанат

Барибир, ҳозирча яшил энергетика анъанавий манбаларни амалиётдан тўлиқ сиқиб чиқара олмайди. Яъни, нефть ва газ қисқа ҳамда ўрта муддатда глобал энергетика тизимининг муҳим қисми бўлиб қолаверади. Демак, дунё энергетикаси ҳозирча аралаш, яъни анъанавий ва қайта тикланувчи манбалар уйғунлигида ривожланмоқда. Яшил энергетика Европа учун фақат экологик ташаббус эмас, балки кенг қамровли геосиёсий стратегия. Энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлим дипломатиясида етакчилик қилиш, технологик устунликни қўлга киритиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали Европа глобал майдондаги позициясини мустаҳкамлашга интилмоқда.

Шу тариқа, қайта тикланувчи энергия манбалари оддий иқтисодий сектор эмас, балки замонавий халқаро муносабатларнинг муҳим воситага айланмоқда. Яшил энергетика бугун экологик зарурат бўлса, эртага стратегик устунлик омилига айланиши шубҳасиз.

Мусулмон Зиё, ЎзА