English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил” давлат харидлари тизими жорий этилади
10:27 / 2025-06-18

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Яшил” давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, давлат харидларини амалга оширишда “яшил” давлат харидлари тизими жорий этилади ва бу улуш 2030 йилга қадар босқичма-босқич 30 фоизга етказилади. 

Қарорга кўра, “Яшил белги” маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимининг ёки халқаро экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тизимларининг экологик мезонларга мувофиқликни тасдиқловчи тегишли ҳужжатига эга тадбиркорлик субъектларидан амалга оширилган давлат харидлари ва ёки товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди “яшил” давлат хариди ҳисобланади. 

2026 йил 1 январдан бошлаб: 

а) давлат харидларини амалга оширишда экологик мезонлар энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлардаги харид қилиш ҳужжатларига мажбурий тартибда киритилади. Бунда:

экологик маркировкалаш ҳужжатининг ҳар бир тури учун тўпланган балларнинг беш фоизи миқдорида қўшимча балл берилади; 

иштирокчи таклифининг ушбу мезонларга мос келмаслиги иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилидан четлатиш учун асос бўлмайди; 

б) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган ва ёки товарлари (ишлари, хизматлари) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга давлат харидлари иштирокчиларига воситачилик йиғими миқдорига нисбатан 30 фоиз чегирма берилади ҳамда улар томонидан қўшимча закалат маблағлари киритиш талаб этилмайди; 

в) давлат буюртмачилари электрон кооперация портали, электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдолари орқали харид қилиниши назарда тутилган товарларни (ишларни, хизматларни) биринчи навбатда экологик маркировкалаш ҳужжатига эга иштирокчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади. Бунда зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган иштирокчилар мавжуд бўлмаган тақдирдагина, уларни бошқа иштирокчилардан харид қилишга рухсат этилади. 

Мазкур қарорга мувофиқ, Айрим товар гуруҳларининг давлат харидларида қўлланадиган намунавий экологик мезонлар тасдиқланди. 

Давлат буюртмачилари ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2026 йил учун давлат хариди билан боғлиқ харажатларда “яшил” давлат харидлари улушини камида 15 фоизга етказади. Бунда ушбу кўрсаткични ҳар йили камида 5 фоизга ошириб бориш бўйича чоралар кўради. 

2025 йил 1 августга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталидаги “Яшил” давлат харидлари саҳифасига қуйидаги маълумотларни жойлаштириш чоралари кўрилади: 

давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган “яшил” давлат харидлари; 

“Яшил белги” маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтган маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини баҳоловчи юридик шахслар рўйхати; 

экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган ва ёки товарлари (ишлари, хизматлари) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга тадбиркорлик субъектлари; 

товарларнинг сифати, техник тавсифлари ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига нисбатан белгиланган экологик мезонлар рўйхати;

б) ҳар йили хорижий экспертлар билан ҳамкорликда давлат харидлари субъектлари учун “яшил” давлат харидлари соҳасида хабардорликни ошириш бўйича қисқа муддатли бепул ўқитиш курслари ташкил этилади.

ЎзА