Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил” бизнес маҳсулотлари, хизматлари ва мутахассисларга бўлган эҳтиёж қандай?
17:25 / 2023-09-22

Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича бир қатор стратегик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Яшил” бизнесни ривожлантириш йўлларини тўғри аниқлаш учун “яшил” маҳсулотлар, хизматлар ҳамда мутахассисларга бўлган эҳтиёжни билиш муҳим.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан “яшил” бизнес маҳсулотлари, хизматлари ва мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш мақсадида сўров ўтказилди. Унда 720 киши (респондент) иштирок этди. Иштирок этганларнинг қарийиб 60 фоизи мамалакатимизда амалга оширилаётган “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясидан ҳабардор эканлигини билдирган.  

Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиёт учун қайси соҳалар муҳим, деган саволга сўровда қатнашганларнинг 18,4 фоизи чиқиндиларни қайта ишлаш, деб жавоб берган. Респондентларнинг 16,9 фоизи “яшил” қурилиш, 8,2 фоизи экологик туризмни энг муҳим соҳалар сифатида қайд этган.  

Респондентларнинг 17,3 фоизи бугунги кунда қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича, 15,4 фоизи чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича, 10,7 фоизи шаҳар майдонини режалаштирувчи мутахассисларга ва энергия тежамкор уйларнинг архитекторларига талаб нисбатан юқори эканлигини эътироф этган.  

Қайси “яшил” маҳсулотларга талаб юқори, деган саволга респондентларнинг 16,2 фоизи табиий озиқ-овқат маҳсулотлари, 15,0 фоизи “яшил” технологиялар, 13,7 фоизи ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар, 10,8 фоизи тўқимачилик маҳсулотлари, 10,3 фоизи табиий материалдан тайёрланган маҳсулотларга, дея жавоб берган.  

Ўзбекистонда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг аксариятини экологик тоза, органик маҳсулот дейиш мумкин. Сўров натижалари аҳоли орасида бундай маҳсулотларга талаб, бошқа маҳсулотларга нисбатан 2,2 баробар юқори эканлигини кўрсатди.

Сўров натижаларига кўра “яшил” маҳсулотлар, хизматлар ва мутахассисликлар бўйича ташвиқот ишлари етарлича йўлга қўйилмаганлиги ҳамда экомаҳсулотлар, экохизматлар ва экомутахассисларга бўлган талаб нисбатан паст даражада эканлиги кузатилди. 

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги таклифлар билдирилган:  

1. Мамлакатимиз шароитида экологик тоза маҳсулотларни етиштириш учун барча табиий шароитлар мавжуд. Бундай сифатли маҳсулотлар экспорти ҳажмини кескин ошириш заруратини инобатга олиб, бу борадаги қонун, қонуности ҳужжатлари, стандартлаш, маркировка масалаларини ҳал этиш мақсадга мувофиқ. 

2. “Яшил” харидорларни йўқотмаслик учун “яшил” товарларни ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар маълум бир реклама стратегиясига риоя қилиши керак. 

Ушбу стратегияда қуйидаги асосий ёндашувлар эътиборга олинади: истеъмолчиларнинг яшил маҳсулотлар мавжудлиги тўғрисида хабардорлигини ошириш, истеъмолчиларни ушбу маҳсулотларнинг экологик ва ижтимоий барқарорлик жиҳатлари ҳақида доимий равишда хабардор қилиш, умумий оммавий жавонларда “яшил” маҳсулотларни ажратиб кўрсатиш ва дўконда мижозлар билан ишлаш. 

3. Истеъмолчиларнинг “яшил” товарларга бўлган истеъмол талабини уларни сотишдан реал фойдага айлантириш тавсия этилади ва қуйидаги чоралар кўрилиши лозим: корхонанинг “яшил” товарларни ишлаб чиқаришда олиши мумкин бўлган мукофот нархини белгилаш ва мақсадли харидорларни аниқлаш, ишлаб чиқарилган “яшил” товарларни жойлаштиришнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш, интеграциялашган маркетинг стратегияси ва алоқа режасини тайёрлаш, таъминот занжири бўйлаб барқарорликни таъминлаш тизимини шакллантириш. 

Хулоса ўрнида, “яшил” товарларни ишлаб чиқариш деярли барча тармоқларни, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон ва гигиена воситалари, ёғоч ва қоғоз, мебель, қурилиш материаллари, маиший электр жиҳозлари ва бошқаларни қамраб олади. Шу сабабли, тадбиркорлар ва савдо ташкилотларининг “яшил” товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича илғор тажрибаларини кенг тарғиб қилиш лозим.  

 

Б.Абдуллаев,  

МҲТИ лойиҳа раҳбари.  

ЎзА.