Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Яшил белбоғ»ларни ташкил қилиш мақсадида 81 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилади
17:46 / 2024-04-05

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони эса бу ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 

Мазкур фармон билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га асосан атроф-муҳитга таъсири бўйича фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар мутахассисларининг малакасини мунтазам ошириб бориш кўзда тутилган. 

«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Наргис Валиева ушбу ташкилот ва унинг тизимида бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди: 

– Ушбу талаблар асосида атроф-муҳитга таъсири бўйича фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар мутахассисларининг малакасини ошириш амалий аҳамият касб этади. Экологик мувозанатни сақлаш ва иқлим ўзгаришига салбий таъсирнинг олдини олиш ҳозирда ҳар қачонгидан муҳим. Шу сабабли, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ филиаллари ва тизим корхоналаридаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича масъул мутахассислари шу йўналишда ташкил этилган онлайн семинарда иштирок этмоқда. 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу онлайн-семинар экологик экспертиза, экологик меъёрлаштириш, атроф муҳитга салбий таъсирни камайтириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш каби йўналишларни ўз ичига олган. 72 соатга мўлжалланган ушбу ўқув жараёни қатнашувчиларга амалий ва назарий билимларни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда экологик масалаларни ижобий ҳал этиш учун янги ечимларни ишлаб чиқиш имконини бермоқда. 

Айтиш жоизки, ташкилотимизнинг тизим корхоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва салбий таъсирни камайтириш борасида мунтазам равишда иш олиб борилади. Хусусан, 2024 йилнинг баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида корхоналаримизнинг ўз ва туташ ҳудудларида «яшил белбоғ»ларни ташкил қилиш мақсадида 81 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари олиб борилади. Ўтказилаётган мазкур семинарда мутахассисларимиз экологик муаммолар ечими бўйича билим ва кўникмага эга бўлади. 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА