Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшаш минимумини белгилаш масаласига оид ахборот тингланди
17:15 / 2021-06-03

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосарининг яшаш минимумини белгилаш масаласига оид ахбороти тингланди.

Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган сиёсий куч ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатимизда яшаш минимумини белгилаш масаласи ушбу партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган энг муҳим йўналишлардан бири. Шу мақсадда партия яшаш минимумини белгилаш ва унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган.

Эшитувда таъкидланганидек, Ўзбекистонда яшаш минимумини белгилаш масаласида аниқ мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатда муҳтож оилаларни аниқлашга имкон бермай келаётган эди. Айниқса, пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш долзарб вазифага айланди. Қонунчиликдаги айрим камчиликлар янада яққолроқ сезилди. Минимал истеъмол харажатларини жорий этмасдан туриб камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Камбағаллик камаймаса, жойларда ижтимоий муаммолар кўпаяди.

Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берди. Таъкидланганидек, вазирлик томонидан минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари эълон қилиниши, минимал истеъмол харажатлари ойига киши бошига 440 минг сўм этиб белгиланишидан кейин ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш ишлари энди аниқ тизим ҳамда механизмга эга бўлди.

Депутатлар минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланишининг аҳамияти, унинг давлат бюджети ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига берилаётган моддий ёрдамга таъсири, давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулияти билан боғлиқ масалалар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Минимал истеъмол харажатларини белгилашнинг ҳуқуқий мезонлари, бу ҳуқуқий асосларни яратишга эҳтиёж ҳақида сўз борди. Депутатлар ва вазирлик мутасаддилари ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари фракция аъзоларининг бу борадаги саволларига атрофлича жавоб берди.

Партия фракцияси ушбу принципиал масалада эълон қилинган минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китобларини илк қадам сифатида қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу борадаги ҳаракатларни изчил давом эттириш, мустаҳкам асосланган тадқиқотларни давом эттириш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

 

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА