Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшариш ва янгиланиш айёми – фоторассомлар нигоҳида
13:30 / 2024-03-18

Наврўз – барчамиз орзиқиб кутадиган, қалбларга ёруғлик, нур, самимият бағишлайдиган байрам. Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйида баҳорий айёмга бағишлаб «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» шиори остида фотокўргазма очилди.

Мазкур кўргазма Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА томонидан «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.   

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, устоз журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов ва бошқалар жамиятимизда инсон қадри юксалиб, неча минг йиллик анъаналаримизга эътибор кучайиб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз байрамининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бораётганини таъкидлади.  

Бугун дунёда мураккаб вазият ҳукм сураётган таҳликали даврда Наврўзнинг буюк инсонпарварлик моҳияти, ўлмас ғоялари, одамзодни тинчлик ва дўстликни қадрлаб, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшашга, ҳаётни янада гўзал ва обод қилишга ундайдиган бунёдкорлик руҳи ва ҳаётбахш фалсафаси ер юзидаги турли халқларнинг олижаноб интилишларига ҳам ғоят уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги аҳамиятлидир.  

[gallery-16480]

Шундай ноёб фазилатлари билан бугун ҳам эзгулик ва тараққиётга хизмат қилаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг беқиёс аҳамиятини Ер куррасидаги барча мамлакатлар юксак эътироф этмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 март куни қабул қилинган «2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида Ватанимизнинг барча ҳудудларида «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар баланд руҳда бўлиб ўтмоқда.  

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Ўзархив» агентлиги, Бадиий академия, Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган фотокўргазма ҳам юқорида келтирилган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.  

Кўргазмадан ўрин олган фотосуратлар Наврўз айёмининг не-не машаққатлар билан тикланганини, шўролар давридаги таъқиб ва зуғумларга қарамай, ушбу баҳорий айём халқимизнинг ҳамиша қалб ардоғида бўлганини акс эттиргани билан ғоят қадрлидир.  

Айни пайтда бу ерда янгиланиш байрамининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, бугунги янгиланиш жараёнларида Наврўзнинг кенг, юксак савияда нишонланиши билан боғлиқ фоторепортажлар, она-табиатнинг мафтункор манзаралари, Наврўзнинг ҳамюртларимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятига бағишланган фотолавҳалар, этюдлар, фотоочерклар билан ҳам танишиш мумкин.  

«Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» шиори остида фотокўргазма ватандошларимиз ва хорижий меҳмонларга ғоят манзур бўлмоқда.  

 

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (суратлар), ЎзА