Яроқсиз маҳсулотлар аниқланди
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қалбаки акциз маркалари билан маркаланган, истеъмол учун яроқсиз бўлган спирт ва алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига барҳам берилди.
Олинган тезкор маълумотларга асосланиб, кузатувга олинган Шофиркон туманида яшовчи икки нафар фуқаро бошқарувида бўлган “Исузу” ва “Дамас” русумли транспорт воситалари тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Текширув жараёнида мазкур автомобилларнинг юкхоналаридан турли ҳажмдаги 2 359 дона идишда жами 1 811,8 литр алкоголь маҳсулотлари аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.



Дастлабки кўрикда маҳсулотлар акциз маркалари билан таъминлангандек кўринса-да, ходимларда уйғонган шубҳа экспертиза хулосалари билан тасдиқланиб, акциз маркаларининг қалбаки экани тасдиқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.