Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлди. Унда Хоразм вилоятида ҳосилга яроқсиз ерларни қайта фойдаланишга киритиш бўйича қилинаётган ишлар таҳлил қилинди.
Аввал депутатлар Тўпроққалъа, Шовот ва Қўшкўпир туманларида бўлиб, ерларни ўзлаштириш ва қайта фойдаланишга киритиш борасида қилинаётган ишлар билан танишди. Якунда вилоят Кенгаши биносида Қишлоқ хўжалиги бошқармаси масъулларининг ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, республика миқёсида 2023 йилда 100 минг гектар, 2024 йилда 120 минг гектар ер фойдаланишга киритилиши режалаштирилган бўлиб, шундан Хоразм вилоятида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш тадбирларини амалга ошириш ҳисобидан 2023 йилда 1400 гектар, 2024 йилда 3200 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилиши лозим.
[gallery-14810]
Бугунги кунгача 800 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилган бўлиб, шунинг 250 гектари Қўшкўпир туманида, 150 гектари Шовот туманидадир. Шунингдек, Тўпроққалъа туманида 400 гектар майдон фойдаланишга киритилиб, қолган майдонларда бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Вилоятдаги коллектор бўйларида қўшимча 200 гектар, шундан кластерларда 150 гектар ва фермер хўжаликларида 50 гектар, сув хўжалик ташкилотларида 50 гектар қўшимча ер майдонлари ўзлаштирилган.
Йиғилишда сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзолари Умарбек Шарипов ва Фароғат Саъдуллаева глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда даврий равишда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келгани суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига ва йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келганлигини эътироф этди.
Ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш бўйича қилинаётган ишлар хусусида ҳам соҳа мутахассислари маълумот берди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали жорий йилда 40153 гектар, жумладан, 3119 гектар пахта ва боғ майдонларида томчилатиб суғориш, 1323 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш, 35710 гектар майдонларида лазерли текислаш ишлари бажарилган. Натижада 300 миллион метр-куб сув ресурслари тежалган ва 21 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланган.
Йиғилишда халқ вакиллари кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.Муҳокама этилган масалалар юзасидан депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан доимий назорат ва таҳлил ишларини олиб боришга доир чора-тадбирлар белгиланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари