Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ярмаркалардаги маҳсулотлар нархи доимий назоратда
11:44 / 2022-12-26

Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туман марказларида Янги йил байрами олди арзонлаштирилган нархдаги қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар савдо ярмаркалари ташкил этилган.

Олис Фориш туманидаги “Фориш деҳқон бозори”да янги йил муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркаси фаолияти аҳолига қулай бўлмоқда.

Унда фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, қайта ишлаш корхоналари, агрофирмалар томонидан етиштирилган ва қайта ишланган турли қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда.

[gallery-10074]

Хусусан, расталардаги картошка, пиёз, сабзи, гуруч, кенг ассортиментдаги озиқ-овқатлар, қайта ишланган маҳсулотлар, ҳўл ва қуруқ мевалар сифати ва мақбул нархи билан харидорлар эътиборини тортмоқда.  

Савдо шохобчалари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бозорларда зарур захира яратилган.  

Ҳафтанинг ҳар шанба куни фаолият юритаётган туман марказидаги “Фарҳод деҳқон бозори”да ҳам савдо ярмаркаси байрам арафасида ҳар куни ишлаяпти.

* * *  

Зарбдор туманидаги “Зарбдор деҳқон бозори”да янги йил муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркаси аҳоли билан гавжум.

– Арзонлаштирилган, ҳамёнбоп нархлардаги озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларнинг Янги йил байрами арафасида ташкил этилгани жуда яхши бўлди, – дейди зарбдорлик врач Ҳусан Отажонов. – Менга энг маъқул келгани, савдо ярмаркасида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиниб, савдога чиқарилган барча маҳсулотларнинг сифати кафолатланган. Бу гапни шифокор бўлганим учун эмас, балки, фуқароларимиз, оила аъзоларимиз, фарзандларимизнинг саломатлигига бефарқ бўла олмаганим учун айтяпман.

* * *

Зомин тумани прокурори Ҳ.Абдуллаев ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ф.Тўйчиев Даштобод шаҳридаги “Деҳқон бозори”да ташкиллаштирилган “Янги йил савдо ярмаркаси”га чиқарилган маҳсулотларнинг нарх-навоси билан танишди, сотувчи ва харидорлар билан суҳбатлашди.  

– Бозор маъмурияти ва тадбиркорлар билан нархларни оширмаслик, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордик, – дейди Зомин тумани прокурори Ҳамидулла Абдуллаев. – Фуқароларимиз Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда нишонлаши учун нархлар арзонлаштирилган. Бу эса халқимизнинг байрам дастурхони тўкин бўлишига хизмат қилади. Бозорлардаги нарх-наво доимий назоратимизда бўлади.

Вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларидаги арзонлаштирилган “Янги йил савдо ярмаркалари”да барча турдаги қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, бошқа маҳсулотларда тақчиллик юзага келмаслиги, нархларнинг сунъий равишда кўтарилиб кетмаслиги доимий назорат қилиняпти.

Аҳолига қулайлик яратиш ва зарур маҳсулотларни арзон нархларда етказиб беришга мўлжалланган савдо ярмаркалари фаолияти янги 2023 йил – Инсонга эътибор ва таълим сифати йилининг 5 январь кунига қадар давом этиши белгиланган.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА