Андижон вилояти Булоқбоши туманида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.
Туман ҳокимлиги, прокуратураси, ИИБ ҳамда Камбағалликни қисқартиш ва бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорти мактабида ўтказилган ярмарка очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, айниқса, бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

– Ўтказилган хатлов якуни бўйича туманда 659 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланди, – дейди туман Камбағалликни қисқартиш ва бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Илҳомжон Эргашев. – Ана шу фуқароларнинг, қолаверса, таълим муассасаларини битирадиган, ҳарбий хизматдан қайтиши кутилаётган ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан ҳам чора-тадбирлар белгиланган.

Ўтказилган меҳнат ярмаркасида тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларидаги мавжуд 356 вакант иш ўрни билан иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасида туман ИИБ ЖХХ Пробация ҳисобида турувчи шахслар, оталиққа олинган ҳамда ишсиз 250 нафарга яқин ёшлар қатнашди.

Ярмарка давомида Камбағалликни қисқартиш ва бандликка кўмаклашиш маркази мутахассислари томонидан 36 нафар фуқарога корхона, ташкилот ва муассасага ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Бундан ташқари, 32 нафар ишсиз ёшлар касб-ҳунар ўрганиш учун мономарказларга юборилди.

Шунингдек, ярмарка доирасида корхона ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди. Камбағалликни қисқартиш ва бандликка кўмаклашиш маркази мутахассислари эса ёшлар билан меҳнат қонунчилиги, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида суҳбатлар ўтказди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари