Андижон давлат университетининг Педагогика институтида талаба-ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бакалавриат, магистратура йўналишлари талаба ва магистрлари иштирокида “Карьера куни” бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 4 март куни олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Андижон вилояти Меҳнат ва бандлик, Халқ таълими ҳамда Мактабгача таълим бошқармалари, шунингдек, банклар ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Карьера куни” очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда сўз олганлар юртимизда, хусусан, Андижонда олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Тадбир доирасида ташкил этилган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” да вилоятдаги қатор умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ўзларининг фаолиятига оид кўргазмалари ҳамда бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Талаба ёшлар мавжуд мутахассисликлар, бўш иш ўринлари ҳақида кенг маълумотлар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Тадбир давомида бир гуруҳ битирувчи талабалар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашди.
– Мен тадбирда қатнашиб, ўз мутахассислигим бўйича Андижон шаҳридаги 72-мактабгача таълим ташкилотига ишга жойлашиш учун йўлланма олдим, – дейди АДУ Педагогика институти Мактабгача таълим факультети талабаси Бегойим Муротова. – Очиғи, катта ташвишдан қутулдим, ўқишни тамомлаб қаерда ишга бораман, деб ўйланиб юрган эдим. Мана энди иш жойим тайин бўлди. Ўқишни тамомлаб, астойдил иш бошлайман.
Умуман, тадбир давомида 13 нафар талаба мактабгача таълим ташкилотларига, 22 нафар талаба эса умумтаълим мактабларига ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Талабалар иштирокида ўтган “Карьера куни” тадбири доирасида маънавий-маърифий, шунингдек, талабаларнинг ишга жойлашиш, меҳнат қонунчилигига оид ҳуқуқий билимларини ошириш мавзусида суҳбатлар ўтказилди.
[gallery-6847]
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА