Андижон вилояти Жалақудуқ туманида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.
Жалақудуқ тумани ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ўтказилган ярмарка очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, айниқса, бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Ўтказилган меҳнат ярмаркасида тумандаги 27 та корхона, ташкилот ва муассаса ўзидаги мавжуд 360 га яқин бўш иш ўрни, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари кўргазмалари билан иштирок этди.
Ярмарка давомида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассислари томонидан 24 нафар фуқарога корхона, ташкилот ва муассасага ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Бундан ташқари, 50 нафардан зиёд ишсиз фуқарога касб-ҳунар ўрганиш учун ўқиш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ишлаш имконияти борлиги ҳақида маълумотлар тақдим қилинди.
Ярмарка доирасида ташкилотчилар ҳамда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассислари фуқаролар билан меҳнат қонунчилиги, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида суҳбатлар ўтказди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири