“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Сурхондарё вилоятида халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириб, тадбиркорлар ва экспортёрлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган тадбирда Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари, Фарғона вилоятидан келган делегация аъзолари иштирок этмоқда.


Ярмаркада вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Афғонистон билан ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Ярмарка ишига муваффақият тилади.



Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаб, савдо алоқаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қиладиган ярмарка доирасида хўжалик моллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм, фармацевтика саноати маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Ярмарка эртага якунланади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири