Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яримўтказгичли опто ва нано-электроникага доир халқаро анжуман
17:17 / 2023-10-13

Андижон давлат университетида “Яримўтказгичли опто ва нано-электроника, муқобил энергия манбалари ҳамда уларнинг истиқболлари” мавзусида икки кунлик халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Андижон давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда мамлакатимиз, шунингдек, Россия, Литва, Бельгия, Тожикистон, Қирғизистон давлатларининг нуфузли олий таълим муассасаларида, илмий марказларида фаолият олиб бораётган олимлар, шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, магистр ҳамда иқтидорли талабалар иштирок этди.  

Анжуманда сўз олганлар  кейинги йилларда мамлакатимизда яримўтказгичли опто ва нано-электроника соҳасини ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини яратиш, улардан самарали фойдаланиш, илм-фан ва амалиёт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга ёрдам беришини таъкидлади.  

– Ушбу анжуман юртимиз олий ўқув юртларида яримўтказгичли опто ва нано-электроника соҳасини ривожлантириш, бу борадаги халқаро илғор тажрибаларни ўрганишга яқиндан ёрдам беради, – дейди Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев. – Айниқса, мазкур йўналишдаги таълим сифатини юксалтириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.  

Анжуманда Тошкент техника университети профессори Н. Зикруллаев, Андижон давлат университети профессори М. Носиров, Наманган муҳандислик технологиялар институти профессори Г. Ғуломов, Фарғона политехника институти профессори Н. Юлдашев, Россиянинг Воронеж давлат университети профессори Е. Рембеза, Ўш давлат университети профессори И.Тошполатовнинг «Яримўтказгичлар физикасининг фундаментал ва амалий муаммолари», «Яримўтказгичли опто ва наноэлектроника муаммолари ва истиқболлари», «Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш» ва «Яримўтказгичли фотоволтаиканинг тадқиқий ва амалий масалалари» ва бошқа мавзуларидаги маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.    

Шунингдек, анжуманда Бельгия, Россия, Тожикистон, Қозоғистондаги қатор олий ўқув юртлари олимлари ҳам онлайн маърузалари билан иштирок этди.  

[gallery-14001]

Анжуман иштирокчилари томонидан маърузалар ҳамда мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, амалга оширилаётган лойиҳа ва илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини юксалтириш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Илмий анжуманнинг иккинчи кунида шуъбалар доирасида ўтказилган мунозараларда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган илмий изланишлар самаралари таҳлил қилинди, эришилган ютуқлар, ечимини кутаётган масалалар хусусида ўзаро фикр алмашилди.  

Ф. Убайдуллаев, 

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА  мухбирлари.