Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Қимматбаҳо металлардан тайёрланган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосасини олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
ярим тайёр заргарлик буюми тушунчасини белгилаш;
ярим тайёр заргарлик буюмини Инспекция томонидан идентификация қилиш;
Инспекция томонидан тақдим этилган буюм ярим тайёр заргарлик буюмига мансублиги юзасидан хулоса бериш;
ярим тайёр заргарлик буюмларини Инспекция хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тартиби белгилаб берилган.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон Фармонида Ўзбекистон Республикаси Иқдисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилган эди.
ЎзА