Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ярим миллиондан ортиқ жиззахликлар ҳашарда ихтиёрий равишда иштирок этмоқда
14:07 / 2021-08-21

Жиззах вилоятида ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари арафасида “Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ ҳайрия ҳашари авжи паллада давом этмоқда.

Олийжаноб халқимизнинг минг йиллик урф-одатлари, анъаналари орасида ҳашар деб аталмиш миллий қадриятимизнинг ўзига яраша ўрни, аҳамият бор. Ҳашар ўзлигимиз, миллийлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз белгиси сифатида одамлар орасида меҳр-оқибатни, бирдамликни, ўрнатади, уни янада мустаҳкамлайди.

Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлашга муносиб тайёргарлик кўриш, ободонлаштириш ойлигини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзи ва санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилган ҳолда юртимиз бўйлаб коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 12 августидаги 45-Ф-сонли фармойишига биноан август ойи мамлакатимизда – маҳаллаларни ободонлаштириш ойлиги, 21 август эса умумхалқ хайрия ҳашари куни, деб эълон қилинди. 

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан давом этаётир. 

[gallery-3526]

Ушбу байрамолди ҳашарида жойлардаги барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий, саноат, қурулиш, қишлоқ хўжалиги объектларида, шунингдек, фуқаролар йиғинлари, сув истеъмолчилари ҳудудларида, қўйингки ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва кўчада ташкил этилиб, унда жиззахлик фидоий инсонлар фаол қатнашмоқда. 

Шу ўринда, ушбу умухалқ хайрия ҳашарининг эътиборга молик жиҳати, ҳашарга чиққан ёшу қари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, ниқоб ва антисептик воситалар билан, махсус хизмат вакиллари эса дизенфекция жиҳозлари ва воситалари билан таъминланганини таъкидлаб ўтиш керак. Қувонарлиси, ихтиёрий равишда ҳашарга чиққан фуқароларнинг каттагина қисмини жиззахлик ёш йигит-қизлар ташкил этганидир. 

– Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар, туман, маҳалла, қишлоқ ва қолаверса ҳар бир хонадонини кўркам ва обод қилишга биз жиззахликлар ҳам астойдил бел боғлаганмиз, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг ўринбосари Назира Мухторова. – Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар ва лотоклар, гузарлар ва хиёбонлар ҳамда болалар майдончалари ободонлаштирилиб, дарахтларга шакл берилди ва оқланди. Шу билан бирга маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олиниб, уй-жой шароитларини яхшилашга яқиндан ёрдам кўрсатилди.

Умумхалқ хайрия ҳашари давомида кундан-кунга кўркамлашиб, янада чирой очиб бораётган вилоят маркази – Жиззах шаҳрида катта қамровдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш, тозалаш, таъмирлаш, тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

– Бугунги умумхалқ хайрия ҳашарида Жиззах шаҳри ҳудудида бошқармамиз тасарруфидаги 21 та махсус техника, 350 дан ортиқ ишчи-хизматчиларимиз ихтиёрий равишда иштирок этмоқда, – дейди Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Асрор Қобилов. – Куннинг биринчи ярми давомида 15 минг 200 тупдан ортиқ дарахтларга шакл берилиб, таглари оқланди. 3 минг 320 туп ранг-баранг гул кўчатлари экиб, суғорилди. Шароф Рашидов шоҳ кўчасидаги ва “Ором” буюм бозоридан Шароф Рашидов тумани ҳудудигача бўлган кўчадаги 2 минг 300 тупдан ортиқ арча ва арчасимон дархтлар бирма-бир ювиб чиқилди. 

Шаҳар ҳудудидаги 30 километр шоҳ ва марказий ҳамда ички кўчаларга хизмат кўрсатилиб, дезинфекция ишлари амалга оширилди. 520 метрга яқин ариқ-лотоклар тозаланди.

Пешинга қадар 23 минг метр квадрат ҳудуд тозаланиб, 90 тоннадан ортиқ чиқинди махсус жойларга чиқарилиб, зарарсизлантирилди. 

Жиззах шаҳрида ободонлаштириш, тозалаш, таъмирлаш, дизенфекция ишлари давом эттирилаяпти. 

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ташкил этилган ушбу умумхалқ хайрия ҳашарида Жиззах вилояти бўйича жами 566 мингдан зиёд юртдошларимиз фаол ва ихтиёрий равишда иштирок этаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Фидоий ҳашарчилар томонидан 860 гектардан зиёд майдонда ободонлаштириш ишлари оли борилиб, 940 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари махсус жойларга чиқариб ташланди. 

488 та қабристон ва 84 та зиёратгоҳда ободонлаштиш ишлари амалга оширилиб, 370 мингдан ортиқ дарахт кўчатларга шакл берилди ва оқланди. 

Шунингдек, ҳашар муносабати билан кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳашар доирасида 70 дан зиёд юртдошларимизнинг 2 минг 700 метр квадратдан ортиқ ҳажмдаги уй-жойларини таъмирлаш учун 35 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 

Бундан ташқари, 100 нафардан зиёд эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қарияларга 20 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдамлар ажратилди.

Бугунги умумхалқ хайрия ҳашари муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлими ҳамда шаҳар ва туманлар бўлинмалари ҳисоб рақамларига тушган корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тақсимот режасига асосан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдам кўсатиш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маҳаллалар ходимларини моддий рағбатлантириш, ички туризм ҳамда аҳолига қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби бир қатор тадбирларни амалга ошириш учун мақсадли ва манзилли равишда сарфланиши кўзда тутилган.

Шу ўринда, жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган умумхалқ хайрия ҳашаридан “Маҳалла” хайирия фонди ҳисоб рақамига тушган маблағлар ҳисобидан вилоятнинг шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш учун ҳамда ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва табиий офатдан жабр кўрган 498 нафар фуқаро учун 119 миллион сўм хайрия ёрдамлари кўрсатилганини ҳам алоҳида таъктдлаб ўтиш лозим. 

Жумладан, 152 та кам таъминланган оилага 36 миллион 300 минг сўм, 161 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога 35 миллион 400 минг сўм, 50 нафар ногиронлиги бўлган оилага 14 миллион сўм, 4 нафар чин етим олий ўқув юрти талабаларига 4 миллион 400 минг сўм, 22 нафар якка-ёлғиз кексаларга 4 миллион 600 минг сўм, 39 нафар кам таъминланган оила фарзандларига 7 миллион 800 минг сўм, табиий офатдан зарар кўрган 1 нафар юртдошимизга 500 минг сўм, қатағон қурбонларининг 11 нафар эҳтиёжманд авлодларига 2 миллион 200 минг сўм ва 3 нафар уруш ҳамда фронт орти меҳнат фахрийларига 600 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди. 

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Жиззах вилоятида ихтиёрий равишда қизғин ва жўшқинлик билан давом этмоқда.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (суратлар) ЎзА