-
Эътироф
Айни дамда 90 ёшни қаршилаётган устоз педагог Эркин Нишоновнинг самарали меҳнат фаолияти расмийлар томонидан ҳам муносиб тақдирланди.
Оҳангарон туманидаги “Қорахитой” маҳалласида истиқомат қилувчи устоз Эркин Нишонов узоқ йиллар давомида таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилган, юзлаб шогирдларга билим ва тарбия берган.

Устоз хонадонида бўлган ушбу тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев ҳам иштирок этди. Учрашув чоғида таълим соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, ёш авлодни тарбиялашдаги ўрни, меҳнат фаолияти давомида кўрсатган садоқати ва фидойилиги учун Эркин Нишоновга “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони топширилди. Бу мукофот унинг кўп йиллик ҳалол меҳнати, касбига бўлган садоқати ва юксак масъулиятининг ёрқин ифодаси сифатида ҳам баҳоланди.

Тадбирда устознинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ва яқинлари жам бўлиб, ушбу қувончли лаҳзаларга гувоҳ бўлишди. Улар устознинг эътироф этилиши нафақат оиласи, балки бутун маҳалла ва шогирдлари учун ҳам катта фахр эканини таъкидлади.
Учрашув давомида устознинг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, таълим соҳасидаги тажрибаси ва ёшларга берган тарбияси ҳақида самимий суҳбатлар бўлди. Эркин Нишонов эса ўз навбатида давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, ёш педагогларга ҳамиша билимли, сабр-тоқатли ва касбига садоқатли бўлишни тилади.
Оҳангарон туман ҳокимлиги матбуот хизмати